Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси мурожаати асосида «Diplomatic World» журнали ижрочи директори Б.Дитрих ва «Diplomatic World Institute» маркази менежери А.Туркстра иштирокида учрашув бўлиб ўтди. 

Қайд этиш жоиз, Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонаси «Diplomatic World» раҳбарияти билан жорий йилнинг сентябрь ойида журналнинг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган махсус сонини нашр қилиш бўйича келишувга эришган. Шундан келиб чиқиб, журнал вакиллари жорий йилда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, жумладан сайлов қонунчилиги ва амалиёти ҳақида мақола чоп этишни мақсад қилган.

Учрашувда мамлакатимизнинг сайлов қонунчилиги ва амалиётидаги ўзгаришлар ҳақида сўз юритилар  эканлар, Сайлов кодекси халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принциплари ва меъёрларига мувофиқ шакллангани ва халқаро сайлов стандартларига мос келиши қайд этиб ўтилди.

Ўзбекистоннинг сайловлар ўтказиш жараёнида ЕХҲТ ДИИҲБ  билан ўзаро ҳамкорлик самараси ўлароқ мамлакатимиз миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, сайлов қонунчилиги ва амалиётини умум эътироф этилган халқаро демократик стандартларга уйғунлаштириш орқали фуқароларнинг сайловга оид ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Учрашувда шунингдек,  сайловларга тайёргарлик давомида оммавий ахборот воситалари учун сайловни ёритиш, сайловда аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иштирокини таъминлаш, сайлов комиссиялари ходимларини ўқитишга қаратилган тренингларни ташкил этиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва сайловлар бўйича тажриба алмашиш мақсадида олиб борилаётган ишлар хусусида ҳам сўз борди.

Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик ва алоқаларнинг мустаҳкамланишидан мамнун эканликларини билдирдилар, деб хабар беради Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати.

Маълумот учун: “Diplomatic World” халқаро журнали сиёсат, дипломатия, бизнес, молия, санъат ва маданият соҳаларини кенг ёритиб келмоқда. Журнал Европанинг парламент аъзолари, Европа Иттифоқи раҳбарлари, ишбилармон доиралар, дипломатик корпуслар ва Брюсселда аккредитациядан ўтган халқаро ташкилотларга тарқатилади.

 2020 йилда журналнинг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони нашр этилган бўлиб, ундан Европанинг етакчи иқтисодчи, аналитик ва ишбилармон доиралари вакилларининг мақола ва интервьюлари жой олган.