Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ тезкор хабарига кўра, бугун, 17 декабрь куни тунги соат икки-учлар атрофида А-373 – «Гулистон-Оҳангарон» автомобиль йўлининг Пискент тумани ҳудудидан ўтган 87-километрида, яъни ёнилғи қуйиш шохобчаси атрофида номаълум транспорт воситаси шахси ҳозирча аниқланмаган, осиё миллатига мансуб, ёши тахминан 25-28 ларда бўлган пиёдани уриб юбориб, жабрланувчига ёрдам кўрсатмасдан воқеа жойидан қочиб кетган.
Воқеа содир бўлган жойни ўрганиш асосида у ердан юк машинасига тааллуқлилиги тахмин қилинаётган бир-неча ашёвий далиллар топилган. Йўлнинг асфальт қопламасидаги тормоз излари ҳам юк машинасига тегишли экани тахмин қилинмоқда. Ҳозирда ушбу транспорт воситасини топиш бўйича қидирув ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ушбу воқеани кўрган ёки эшитган фуқаролардан (71) 265-08-51, 265-96-53 телефон рақамларига қўнғироқ қилиб, маълумот беришини сўрайди. Маълумот берган фуқаро шахси сир сақланади.
Шунингдек, воқеани содир этган ҳайдовчи айбига иқрор бўлиб, ички ишлар органига келса, ўзига нисбатан қўлланиладиган жазони енгиллаштириш имконига эга бўлади.