МДҲ мамлакатлари иштирокчи давлатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгашининг видеоконференция форматидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Кенгашда БМТ VIII халқаро конференцияси қарорининг рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги ёндашувлари, электрон тижорат ҳамда маслаҳат кенгашига аъзо давлатлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган давлат ва нодавлат ташкилотларнинг кун тартибидаги масалалар юзасидан тақдимотлари бўлиб ўтди.

Халқаро истеъмолчилар жамиятлари конфедерацияси бошқаруви раиси Дмитрий Янин Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясини маслаҳат кенгаши аъзолигига киритиш юзасидан таклиф киритди.

Дмитрий Янин федерация МДҲ мамлакатлари иштирокчи давлатларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича маслаҳат кенгашининг сўнгги учта йиғилишига кузатувчи мақомида таклиф этилганини ва фаол иштирок этганини таъкидлади. Шунингдек, федерациянинг маслаҳат кенгаши таркибидаги истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатаётган  давлат ва жамоат ташкилотлари билан  яқин ҳамкорлик алоқаларини юқори баҳолаб, Ўзбекистон Республикасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ягона давлат сиёсатини юритувчи Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги раҳбариятидан ушбу масалага эътибор қаратишини сўради.

Федерациянинг 2018 йилдан буён Халқаро истеъмолчилар ташкилотининг тўлақонли аъзоси экани алоҳида таъкидланди.

Федерация халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва уни амалиётда қўллаш мақсадида салмоқли натижаларга эришиб келмоқда. Жумладан, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Хитой, Туркия, Россия, Озарбойжон, Қозоғистон, Тожикистон ҳамда Қирғизистоннинг турдош ташкилотлари билан федерация ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумлари имзоланган.

Буюк Британия, АҚШ, Германия, Франция, Бельгия, Португалия, Испания Малайзия, Япония, Хитой, Австрия, Исроил, Таиланд, Вьетнам,  Монголия, Покистон каби мамлакатларнинг турдош давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.

Ҳозир Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси томонидан 2021 йилнинг май ойида Халқаро истеъмолчилар ташкилоти билан ҳамкорликда Урганч ва Хива шаҳарларида туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларига бағишлаб ўтказиладиган “Sayyoh-2021” халқаро форумига  қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.