Буюклик халқнинг қалбига йўл топа билишдадир. Миллатимиз қалбидан жой олган буюк аждодларимиз номини асрлар, минг йилликлар шитоби ўчира олмади. Ўчира олмайди ҳам. Ҳақиқий шоир юраги халқ юраги билан ҳамоҳанг уради. Қуёш нури сўнмаганидек буюк шоирлардан мерос қолган дурдона асарлар, мисралар ҳам минг йиллар ўтса-да, завол топмайди. Авлодлар қалбида нур таратишдан тўхтамайди.

Бундай буюк истеъдод эгалари бой ижодий меросининг қадр-қиммати адабиётимизнинг юксак намуналаридан жой олгани билангина чекланиб қолмайди. Айтиш мумкинки, уларнинг мангуликка дахлдор асарлари халқимиз маънавиятини, тафаккурини бойитишга жуда катта таъсир кўрсатган ва кўрсатмоқда.

Эркин Воҳидов шахси ва ижоди нафақат юртимизда, бошқа республикаларда ҳам машҳур бўлган, китоблари қатор тилларга таржима қилинган, адабий, илмий давраларда катта эътироф қозонган эди...        

1970 йили аспирантурада ўқиб юрган кезларим Наврўз байрами баҳонасида турли соҳалар бўйича Ленинградда илм қилиб юрган ўзбекистонлик аспирантлар биз яшаб турган ётоқхонага тўпланди. Ётоқхонамизнинг кенг-мўл ошхонасида байрам дастурхони ёзилиб, атрофидан юз чоғли одам ўрин олди. Сўзга чиқканлар кўп бўлди. Ёдимда қолгани ўшанда мен ва ўша издиҳомдаги ватандошларимизнинг аксарияти биринчи марта “Ўзбегим” шеърини тинглаган эдик. Назаримда, айнан шу куни давр мафкурасининг қалбимиздан она Ватан туйғуси, буюк аждодларимиз ёди, дину диёнат, урф-одатларимиз, тарихимизни ўчиришга уринишлари барбод бўлишидаги бошланғич қадам қўйилганди. Ўшанда илк бор Эркин Воҳидов номи қалбим тўрига кириб борди. “Ўзбегим” шеърини ҳали ёш актёр, ҳозир санъатимиз дарғаси мақомига эришган Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев зўр маҳорат билан ўқиб берганди...

Фан номзоди бўлганимдан сўнг кўп ўтмай, докторлик диссертациясини бошлаш ҳаракатига тушдим. Барча расмиятчиликларни тугатгач, илмий ишимни амалга ошириш учун белгиланган лабораторияга бордим. Кирдим-у, дилни ғаш қилувчи ҳолат устидан чиқиб қолдим. Мен билан қадрдонлашиб қолган ёш олим Юрий Руднинг докторлик диссертацияси ҳимояси барбод бўлибди... Буни эшитгач, ишга жон-жаҳдим билан киришиб кетдим. Юрий ҳам мен билан юпаниб, бироз бўлса-да, ташвишини эсдан чиқаргандек бўлиб юрди. Бир йилча вақт ўтгач, диссертациясини ёқлаш учун қайтадан институт директори, академик Жорес Алферовнинг рухсатини олишга ҳаракат қила бошлади. Лекин бир неча ой мобайнида бирор маротаба Жорес Алферов билан икки оғиз гаплашишга ҳам муяссар бўла олмади.

Руднинг Алферов билан учрашишга юраги дов бермаётган бўлса керак, деган хулосага келиб, ўзимнинг диссертациям хусусида жиддий бош қотира бошладим. Илмий ишни меҳнат, ақлу фаросат билан қиларман, диссертацияни ҳам ёзарман, лекин Руддек машҳур олим яқинлаша олмаётган Жорес Алферов, Владимир Тучкевич, Юрий Гуляев каби академиклар билан қандай учраша оламан, уларга илмий ишимнинг моҳиятини қандай етказаман, энг асосийси, диссертациямни ёқлаш учун уларнинг рухсатини қандай оламан, деган савол ва хавотир менга ҳеч тинчлик бермай қўйди.

Тошкентга қисқа муддатли таътилга келган кезларим китоб дўконларидан бирида Эркин Воҳидовнинг Москвадаги нашриётлардан бири томонидан 1986 йилда жуда бежирим қилиб чоп этилган рус тилидаги шеърий тўпламига кўзим тушиб қолди. Ҳеч бир иккиланмай, ушбу китобдан еттитасини сотиб олдим-да, тўғри Ўзбекистон Фанлар академиясига бордим. У пайтларда академик Пўлат Ҳабибуллаев академия президенти эди.

Пўлат аканинг ёрдамчиси Лилия Мансуровна деган дилбар, хушмуомала  аёл мени яхши танир эди. Шу боис, ҳеч бир қийинчиликсиз академия раҳбарининг қабулига кириб бордим. Пўлат ака мени “Хўш, нима гап?” дея кутиб олди. Мен илмий ишим билан боғлиқ вазиятни қисқа, лўнда қилиб тушунтиргач, қўлимдаги шеърий тўпламлардан уч-тўрттасини унга узатдим. “Шу китобларга Алферов, Тучкевич ва Гуляев учун дасхат ёзиб берсангиз”, дея илтимос қилдим. Пўлат ака менга ялт этиб бир қаради-да, китобларни олиб, индамасдан икки академик номига яхши тилаклар ёзиб, дастхат қўйиб берди. Ниманидир ўйлади, шекилли: “Гуляевга кейин ёзиб берарман”, деб қўйди...

Тўпламлар Алферов ва Тучкевичнинг қўлига теккач, тўсиқларни енгиб ўтишим осонлашди. Ҳар икки академикни илмий ишимнинг мазмуни билан таништиришимга имконият пайдо бўлди. Ҳатто Рудга тегишли илмий ишнинг ижобий томонларини кўрсатганимдан сўнг шеригим ҳам тез орада докторлик диссертациясини ёқлаб олди. Мен ишлаган лабораторияга ишонч ортди, обрўси кўтарилди. Диссертациям ҳимоясидан сўнг яна бир неча олимнинг фан доктори бўлиши учун кенг йўл очилди. Улардан бири — профессор Геннадий Медведкин кейинчалик АҚШ фуқароси бўлгач, мени океанортида ўтказилган илмий конференцияга таклиф этди.

Хизмат вазифам тақозосига кўра ҳукумат телефони бириктирилган кезлари Эркин Воҳидов билан тез-тез у-бу масалаларни маслаҳатлашиб олардик. Ҳатто, биргаликда ҳашарларда иштирок этар, кўчатлар экардик. Атоқли шоир биз ўтказган тадбирларда бир неча бор иштирок этиб, пурмаъно маърузалар қилган. Шундай учрашувларимиздан бирида Эркин Воҳидов билан бир пиёла чой устида суҳбатлашар эканмиз, юқорида баён қилинган воқеаларни у кишига айтиб бердим. “Докторлик диссертациямнинг ярми сизники, Эркин ака”, деганимда буюк шоиримизнинг нурли чеҳрасида майин табассум зоҳир бўлди. Шу-шу адибнинг ўша пайтдаги майин жилмайган ҳолати хотирамда муҳрланиб қолди...

Мансурхон ТОИРОВ,

профессор