Ички ишлар вазирлиги хабар беришича, «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ИИВ Тезкор-қидирув департаменти, унинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Натижада уюшган жиноий гуруҳ етакчиси, муқаддам Жиноят кодексининг 169-моддаси билан судланган Умид Абдураҳимов (лақаби — «Доля») ҳамда унинг шериклари — муқаддам 168-модда билан судланган Иззат Йўлдошев (лақаби — «Скар»), Рустам Зияев (лақаби — «Туз») ва муқаддам 169, 226 ҳамда 277-моддалар билан судланган «Доди» лақабли Даврон Абдураҳимов қўлга олинган.
Терговга қадар текширув материалларига кўра, жорий йил сентябрь ойида ўзаро таниш бўлган икки фуқаро пул масаласида келишувга эришган. 1989 йилда туғилган шахс шеригига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун бир йил муддатга 11 минг АҚШ доллари қарз берган.
Ушбу пул олди-бердисидан хабар топган жиноий гуруҳ аъзолари орадан бир ой ўтиб, ноябрь ойида уларнинг муносабатига аралашган. Улар қарз олган фуқарони куч ишлатиш ва қўрқитиш орқали таҳдид қилиб, қарз берган шахсга тегишли 11 минг АҚШ долларини қўлга киритган.
Бироқ пул эгасига қайтарилмаган. Жиноий гуруҳ аъзолари маблағни ўзлаштириб, шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, гуруҳ аъзолари фуқароларнинг ёши, жинси ва ижтимоий аҳволини танламасдан, турли масалалар баҳонасида уларга босим ўтказган.
Жумладан, телефон савдоси, ойлик иш ҳақи, автомобиль олди-сотдиси ва ишлаб топилган пулни ундириб бериш каби ҳолатларда таҳдид, қўрқитиш, товламачилик ва зўравонлик орқали миллионлаб пул маблағларини талаб қилишган. Жабрланувчиларни эса бу ҳақда ҳеч кимга билдирмасликка мажбурлашган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Вазирлик ушбу жиноий гуруҳ аъзоларининг товламачилик, зўравонлик ва таҳдидлари оқибатида жабр кўрган фуқароларни ички ишлар органларига мурожаат қилишга чақирди.
Қайд этилишича, барча мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилади, қонуний чоралар кўрилади ва мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.