У Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида 22 декабрь, душанба куни Пентагон котиби Пит Хегсет, Давлат котиби Марко Рубио ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари котиби Жон Фелан иштирок этган матбуот анжуманида таъкидлагандек, сув сиғими 30 мингдан 40 минг тоннагача бўлган ушбу кемалар илғор қуроллар билан жиҳозланади, жумладан, улар гипертовушли ракеталар, электр рельсли тўплар, кучли лазер тизимлари ва ядровий каллакли қанотли ракеталар билан таъминланади.

Янги кемалар “яратилган бошқа ҳарбий кемалардан юз баробар кучлироқ” бўлади ва “Америка денгиз флотининг флагманларига” айланади, деди АҚШ Президенти.

“Трамп” синфидаги ҳарбий кемалар ҳозирда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларида хизмат қилаётган эсминец ва крейсерлардан сезиларли даражада катта бўлади, лекин 1990-йилларгача хизмат қилган “Айова” тоифасидаги жанговар кемалардан кичикроқ бўлади, деб хабар берди AFP ахборот агентлиги.

Дональд Трампнинг сўзларига кўра, янги тоифадаги дастлабки иккита ҳарбий кемани қуриш тахминан 2,5 йил давом этади, АҚШ денгиз флотидаги кемалар сони охир-оқибат 10 тага, кейин эса 20-25 тагача кўпайтирилади, деб хабар берди dw.com.