Бугунги кунда юртимизда қон тайёрлашда Республика қон қуйиш маркази, Тошкент шаҳар “Қон препаратлари” илмий ишлаб чиқариш корхонаси, 13 та ҳудудий ва 2 та республика тасарруфидаги қон қуйиш станцияси ҳамда 13 та қон қуйиш бўлимлари фаолият кўрсатади.
Мақсад — даволаш муассасаларини керакли донорлик қон препаратлари ва компонентлари билан таъминлашдан иборат. Албатта бу ишлар соғлом аҳолидан донор қонини йиғиш, қайта ишлаш, текшириш, сақлаш, яроқли қисмлар ва компонентларга ажратиш ҳамда тайёр қон маҳсулотларига айлантириш орқали амалга оширилади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, ҳар бир давлат ўз аҳолисининг қон компонентлари ва препаратларига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун ҳар 1000 нафар кишига қон топширишлар сони 30 нафар ва ундан ортиқ бўлиши, аҳолини қон компонентлари билан таъминлаш учун эса қон топширишлар сони ҳар 1000 нафар кишига 10 нафар ёки аҳоли сонига нисбатан 1 фоизни ташкил этиши лозим.
Бизда эса айни пайтда бу рақам 8,2 нафарга тўғри келади. Агар ушбу кўрсаткич 10 нафарга оширилса, 100 фоиз талаб қондирилади. Лекин агар 50 нафар одам қон топширса, нафақат эҳтиёж қопланади, балки қон плазмасини қайта ишлаш натижасида альбумин, иммунглобулин каби дори препаратларини тайёрлаш мумкин.
Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда юртимизда 113 тонна, 2022 йилда 122 тонна, ўтган 2023 йилда эса 130,6 тонна сифатли қон тайёрланди.
Юртимизда 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, вазни 50 килограммдан юқори, гемоглабин миқдори эркакларда 128, аёлларда эса 120 бўлган ҳар бир шахс донор бўлиши мумкин. Йилига эса ҳар бир шахс 4 марта қон топшириши мумкин. Ҳар бир топширилган қоннинг максимал миқдори 450 миллилитр.
— Авваллари донор фақат қон марказига келибгина қон топширган, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Фурқат Санаев. — Қолаверса, бунинг учун тегишли ташкилотлардан жуда кўп маълумотнома сўралар эди. Ҳозир эса бундай чекловлар йўқ. Донордан фақат шахсини тасдиқловчи хужжат паспорт ёки идентификация ID-картаси ёхуд янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси, ҳарбий хизматчилар эса, ҳарбий ҳисобга олиш ҳужжатлари талаб этилади, холос. Улар сони камида 5 нафар бўлса, махсус мобил бригада донорлар манзилига бориб, улардан қон олиб келиши ҳам мумкин.
Маълумотларга кўра, агар донор марказга келиб, қон топшириш истагида бўлса, бу беш босқичда амалга оширилади. Марказга келгандан қон топшириб кетгунча узоғи 30-40 дақиқа талаб этилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, миллий қонунчилигимизга кўра, донор ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қон топширган сана ва яна бир кун қўшимча дам олиш ҳуқуқига эга.
Битта жигар трансплантациясини ўтказиш учун 30 литргача қон плазмаси керак бўлади. Бу копонент эса 120 нафар донордан олинади. Шунинг ўзиёқ, донорликнинг аҳамияти нақадар муҳим эканини кўрсатади.