Бошқарма томонидан ушбу мурожаат ўрганилганда, ҳақиқатдан ҳам 2022 йилнинг ўтган даври давомида 15 маротаба беморлар учун донорлик қилган. Шунингдек, мактаб маъмурияти томонидан 2022 йил давомида
48 кунлик меҳнат таътили берилганлиги сабабли, донорга бошқа таътил берилмаслиги тушунтирилиб, қўшимча дам олиш куни бериш рад этилган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 167-моддасига асосан ходим жамият манфаатларига доир ҳаракатлар қилганда, яъни авариялар, табиий офатларнинг оқибатларини тугатиш, инсон ҳаётини сақлаб қолиш каби ҳолатларда - ана шу даврда унинг иш жойи, лавозими ва ўртача иш ҳақи сақланади.

Донорлик қилувчи ходимларга ҳар сафар қуйиш учун қон топширган куннинг албатта эртасига дам олиш учун бир кун берилади. Ходимнинг хоҳишига кўра эса бу кун таътилга ҳам қўшиб берилиши мумкин. Текширувдан ўтадиган ва қуйиш учун қон топширадиган куни ишдан озод этилган давр учун, шунингдек дам олиш кунлари ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланади.

Шунингдек, «Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддасига асосан қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек, тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод этилади.

Эътибор қаратиш лозимки, донорлик учун бериладиган қўшимча дам олиш куни меҳнат таътили ҳисобланмайди ҳамда таътилларни ҳисоблашда ушбу муддат инобатга олинмайди. Донорлик учун қўшимча дам олиш куни донорлар учун қонунчиликда белгиланган кафолатли имтиёз ҳисобланади.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят адлия бошқармаси томонидан Фарғона шаҳар халқ таълими бўлимига тақдимнома киритилиб, мурожаат этган ўқитувчига донорлик қилганлиги учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча 15 кунлик дам олиш куни берилди ҳамда донорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Аббосхон Аъзамхонов,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси

бўлими бошлиғи.