Жорий йил 31 майда «Dori-Darmon» АК матбуот хизмати томонидан «Наманган Dori-Darmon» акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда оммавий ахборот воситалари учун ташкил этилган Пресс-турда таъкидланишича, ўтган йили ҳудуд аҳолиси 55 миллиард 124 миллион сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминланган.
2022 йил биринчи чорагида эса бу борада 8 миллиард 513 миллион сўмлик ишлар амалга оширилган.
Шундай қилиб, 2021 йилда аҳолига дори-дармон ва тиббиёт буюмлари етказиб бериш режаси 119,56 фоизга бажарилди.

Амбулаторияда даволанишда дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифаларига кирувчи беморларга жамият тизимидаги дорихоналардан 2021 йил давомида 904 миллион 35 минг сўмлик, жорий йил биринчи чорагида эса 178 миллион 600 минг сўмлик дори воситалари бепул берилган.
Жамиятда махсус жиҳозланган «Isuzu» ва «Damas» русумли автомашиналарда 10 та кўчма дорихона шохобчалари фаолияти йўлга қўйилган. Улар ёрдамида вилоятнинг чекка ҳудудларидаги аҳолига керакли дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлар етказиб бериляпти. Ўтган йили чекка ҳудудлардаги аҳолига 219 миллион сўмлик, 2022 йил биринчи чорак мобайнида 60 миллион сўмдан зиёд дори-дармонлар ва тиббиёт буюмлари етказиб берилди.
«Наманган Dori-Darmon» акциядорлик жамиятининг омборхона ва дорихоналарида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини (1,5 мингга яқин номдаги) арзон нархларда доимий мавжудлиги аҳоли ва соғлиқни сақлаш бошқармаси даволаш профилактика муассасалари учун муҳим аҳамиятга эга.
2021 йил давомида вилоят бўйича «Наманган Dori-Darmon» тизимидаги 16 та аналитик хоналар фаолият юритди ва 16 588 та дори моддаси ҳамда 4 304 та тозаланган сув текширувдан ўтказилди.
«Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган топшириқлар бўйича жамиятга қарашли 159 та дорихона ва дорихона филиалларида онлайн касса аппаратлари ўрнатилди.
«Наманган Dori-Darmon» АЖ тизимида «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб номланган 2022 йилнинг биринчи чорагида Тўрақўрғон туман Исвахон МФЙда 6-сонли дорихона ва Мингбулоқ туман Маданият МФЙ Ўзгариш ҚВП биносида 32-сонли дорихона филиали ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилди.

Соҳанинг ривожида кадрлар салоҳияти муҳим ўрин тутиши шубҳасиз. Жамиятга қарашли барча дорихона, дорихона шохобчалари мудирлари ўртасида мунтазам ўқув-семинарлар ташкил этилиб келиняпти.
Кумуш Пардаева,
«Dori-Darmon» АК матбуот котиби.