Ўзбек ва тожик халқлари азал-азалдан бир-бири билан дўсту биродар, ёндош-жондош бўлиб яшаб келадиган, урф-одати, дини, мазҳаби, тарихий илдизи, тўй-азаси бир халқ, тиллари кўп жиҳатдан ҳамоҳанг, бир-бирини тўлдирувчи, қўллаб-қувватловчи эллар саналади.

Қадим замонлардан Мовароуннаҳр ва Хуросон, қолаверса, бутун Марказий Осиё ҳудудларида аҳил-иноқ ҳаёт кечириб, турли босқинчи кучларга қарши ёнма-ён туриб она юртини ҳимоя қилган, бой ёзма адабиёти, миллий қадриятлари, санъат ва маданияти, дину диёнатини кўз қорачиғидек асраб келаётган бу қондош-қариндош икки миллат, айниқса, буюк мутафаккир Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий дўстлиги тимсолларида бор бўй-басти билан жаҳон ҳамжамиятини ҳайратга солиб келмоқда.

Жуда кўп сўз ва атамалар, жумладан, ватан, диёр, дилбар, офтоб, нур, муҳаббат, садоқат, шараф, ҳалол, ор-номус, табиат, ҳаё ва бошқа кўплаб табаррук тушунчалар ўзбек ва тожик тилларида бир хил янграйди, қадрланади.

Таомларимизда ҳам ўхшаш жиҳатлар бисёр. Уй-жой қуриш архитектураси, яъни айвон, даҳлиз, токча, тахмон, пойгак, дарвозахона, меҳмонхона, дастурхон сингари атамалардаги мазмун-мантиқ турмуш тарзимиздаги яқинликдан далолат эмасми?

Ота-онани эъзозлаш, опа-сингил, ака-ука, фарзанд-неварага эътиборнинг жуда нозик қирралари, барҳаёт маънавий ришталар ўзаро муштарак анъаналаримизни намоён этиб туради.

Умуман олганда, ўзбек ва тожик халқлари бир дарёнинг икки соҳили, бир рубоийнинг икки байтидек ажралмас, яхлит ва уйғундир.

Халқларимиз ўртасидаги бу азалий алоқалар, ҳамкорлик ва барқарор маънавий муҳит, айниқса, кейинги тўрт-беш йилда мутлақо янги босқичга кўтарилди, янгича шакл ва мазмун касб этди.

Бу ўринда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига икки марта расмий ташрифи ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг жонажон Ўзбекистонимизга давлат ташрифини алоҳида таъкидлаш жоиздир.

Мазкур ташрифлар самараси ўлароқ, давлатлараро сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ҳамкорлик дастурлари мисли кўрилмаган миқёс ва ҳажмларда амалга оширилмоқда.

Чегараларнинг очилиши, виза режими бекор қилиниши туфайли икки мамлакат халқи учун эмин-эркин, тинч-тотув, бахтли ва фаровон яшаш, борди-келди, қуда-андачилик ришталарини янада мустаҳкамлаш имконияти кенгайди.

Жумладан, Самарқанд вилояти Тожик ва тожикзабон миллий маданий маркази ушбу имкониятлардан кенг фойдаланиб, ўзаро дўстлик, инсонпарварлик, миллий ва умумбашарий анъаналарни мустаҳкамлаш, адабий алоқаларни кенгайтириш, икки миллат ижодкорлари асарларини китоб шаклида нашр қилиш ҳамда уларни кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Хусусан, шу кунга қадар нашр этилган “Саодати дўсти”, “Айнийшунослик Самарқандда”, “Си гуфтор аз си тор”, “Армуғон”, “Субҳ ба хайр” номли шеърий-публицистик китоблар ўз мухлисларини топди.

Таниқли адабиётшунос олим Холиқ Мирзозода, Садри Саъдиев, адиблардан Ҳабиб Юсуфий, Абдусалом Деҳотий, Лойиқ Шерали, Мирзо Турсунзода, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов ва бошқаларнинг хотира ва ижодий кечалари уюштирилди.

Қувонарлиси, бу йил 21 март куни Самарқанд аҳли учун қўшалоқ байрам бўлди. Наврўз тантаналари доирасида муҳташам “Дўстлик уйи” биноси фойдаланишга топширилгани биз, 11 та миллий маданий марказ учун унутилмас воқеа, бебаҳо туҳфа бўлди. Барчамиз бу ташаббус ва эътиборни давлатимиз раҳбарияти томонидан умрбоқий дўстликка қўйилган маънавий ҳайкал сифатида қабул қилдик.

Ўтган йили Ўзбекистон томонидан Тожикистоннинг Хўжанд ва Регар шаҳарларида қурилган олий таълим муассасаси филиали ва мактаб бинолари ўз талаба-ўқувчиларини бағрига олган бўлса, бу йил Самарқанд вилоятининг Ургут туманида Тожикистон Республикаси томонидан банёд этилган, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга таълим муассасаси ишга туширилди.

Юртимизда биринчи маротаба 30 июлнинг Халқлар дўстлиги куни сифатида байрам қилиниши ҳам миллий маданий марказларни келгусида янада баланд руҳ ва жўшқин фаолият юритишга ундайди.

Марказнинг йиллик режасидаги маънавий-маърифий тадбирлар қаторидан ўзбек адабиётининг бир қатор сара намуналарини тожик тилига таржима қилиш ҳамда нашр этиш ҳам ўрин олган. Ўйлаймизки, бу хайрли иш адабий алоқаларимизнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Акбар МАҲМУДОВ,

Самарқанд вилояти Тожик ва тожикзабон

 миллий маданий маркази раҳбари