Бу хушхабарни менга ярим тунда айтишди. Албатта, суюндим. Миннатдор бўлдим. Йигирма бир-йигирма икки ёшларимда қўлимга қалам олган бўлсам, бу йил баҳорда саксон етти ёшга кирдим, Аллоҳнинг марҳамати билан ҳали ҳам ёзишдан, фикрлашдан тўхтаганим йўқ. Мен, айниқса, ўзимга аталган мукофотнинг номидан суюндим. Чунки ижодимнинг асосий қисми миллатлар, халқлар орасидаги дўстликни мустаҳкамлашга бағишланган.

Мен қардош, қондошларимиздан узоқлашиб, узилиб яшаган замонларни ҳам кўрдим. Юрагим қонади ўша узилишлардан. Шунинг учун қондошларимиз билан алоқалар тиклана бошлаганида бугунгидан ҳам зиёдроқ қувонганман. Чунки ҳамма дўст ҳам азиз, лекин қондошларники ишончлироқ, мустаҳкамроқ бўлади. Мен бу йил туркий тилли давлатларнинг Навоийда бўлиб ўтган шеърият фестивалини телевизор орқали кузатиб, Туркия, Озарбайжонда ўтган худди шундай шеърият анжуманларига анча йиллар аввал минг бир тўсиқларни енгиб борганларимни, армонларимни ўйладим.

Ўша машаққатли кунларда “Қани эди, бизнинг тупроғимиз, туркий миллатларнинг бешиги бўлган Ватанимизда ҳам шундай байрамлар ўтса”, деб орзу қилгандим. Хизматларимни эътироф этишиб, Жалолиддин Румий мукофотини беришганида “Қани эди, биз ҳам жон дўстларимизга Алишер Навоий ҳазратларининг муқаддас сиймоси туширилган нишонларни тақсак...” , деб ўйлаганман. Мана, бу орзуларнинг рўёбини кўриш бахтига ҳам етдик. Илдизимиз бир қардош, қондошларимизнинг бундай улкан йиғинларда иззат-ҳурмат билан кутиб олинаётганидан бошим осмонга етди. “Халқим, юртим” деганлар шундай адолатли йўл тутади. Кенг очилган йўллардан миллатнинг руҳи, овози бўлган адабиёт ҳам кириб келмоқда. Аслиятдан таржима қилинган шеърлардан, насрий асарлардан яқинларимизнинг орзу-армонларини яна ҳам яхшироқ билиб оляпмиз, уларга қалбан яқинлашяпмиз. Яқинлашган сайин ўзимизни кучлироқ сезяпмиз. Кўпроқ Туркия, Озарбайжон, Туркманистон, Қозоғистон адабиётидан таржималар қилганман. Умр вафо қилса, адабиётга катта эътибор кўрсатилаётган мана шу дориламон замонларнинг имконларидан фойдаланиб, таржимонлик фаолиятимни давом эттириш ниятим бор.

Мен фақат ўзим учун эмас, улуғ ёшда эътирофга эришган қўшним, маслакдошим Абдулла Шер учун, ниҳоятда тиниқ бир шоир, маҳоратли инимиз Йўлдош Эшбек учун, адабиётни қилни қирқ ёргандек заргарона баҳолайдиган Нурбой Жаббор укамиз, шеъриятда ўзига хос йўли бор Зикрилло Неъмат укамиз, хуллас, энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида кўнгиллари, хонадонларига севинч кирган барча ҳамкасбларим учун қувондим. Меҳнаткаш халқимиз, муқаддас тупроғимизга қалб билан, қалам билан хизмат қилиш бурчи ҳаммамизга чексиз илҳом бахш этаверсин... 

“Минг ой кўрганларнинг атрофида фаришталар айланиб юради, дуолари ижобат бўлади”, дейишади. Ҳамиша халқимиз, юртимиз учун, муҳташам адабиётимиз учун, уларни севганлар, қадрлаганлар, эътироф этганлар учун дуодаман.

Миразиз АЪЗАМ,

“Дўстлик” ордени нишондори