Жорий йилги мусобақалар тақдим режасига кўра дуатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати апрель ойида ўтказилиши белгиланган эди.
Бироқ, юртимизда жорий қилинган карантин талабларига кўра, мусобақалар ўтказиш муддати ўзгартирилди.
Шу йилнинг 8 ноябрь куни пойтахтимиз Тошкентда дуатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ўтказилади. Мазкур чемпионатнинг югуриш баҳслари Халқлар дўстлиги саройи айланаси бўйлаб ташкил этилади. Унда иштирокчилар биринчи босқичда 5 км масофага югуришса, 3 босқичда 2,5 км масофада ўзларини синаб кўришади.
Иккинчи босқичда эса 20 км масофага велопойга баҳслари ташкил этилиб, унда иштирокчилар Халқлар дўстлиги саройидан старт олиб, Бешёғоч майдони ва Байналминал кўчаларини айланиб ўтган ҳолда Олий Мажлис биноси ёнида финишга етиб келишади.
Шу муносабат билан ташкилотчилар Тошкент шаҳри аҳолиси ва меҳмонларини 8 ноябрь куни дуатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати сабабли пойтахтимизнинг айрим кўчалари ёпилишидан огоҳлантиради.