Байрам тадбири аввалида Наврўзи олам муносабати билан Дубайнинг «THE POINTE» сунъий оролида барпо этилган машҳур фаввора Ўзбекистон байроғи рангларига бурканди.
Бош консулхона раҳбари ўз нутқида халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини ўзида яққол мужассам этган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири эканини таъкидлади. Дипломат Ўзбекистонда Наврўз қут-барака ва тўкинчилик байрами сифатида ҳар йили кенг нишонланишини қайд этди.
Тантанада сўзга чиққанлар давлатимиз раҳбари томонидан хорижда яшаётган ватандошларни қўллаб-қувватлаш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнига фаол жалб қилиш бўйича ташаббусларини алоҳида таъкидладилар.
Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳам эътироф этилди.
Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон ўзининг Наврўз байрамига бағишланган концерт дастурини тақдим этди.
«ZOR» ўзбек миллий ресторанида ташкил этилган ушбу байрам тадбири якунида Бош консулхона томонидан ватандошлар учун байрам дастурхони ташкил қилинди.