Ижтимоий тармоқларда тарқалган, бир аёл дудуқланган болани сўкиниш ва қўрқитиш усулида даволашга урингани акс этган видео бўйича Болалар омбудсмани ўрганиш олиб боргани ҳақида хабар берилган эди.
Болалар омбудсманининг маълум қилишича, Д.Ж.нинг иш услубига малакали дефектолог ва логопедлардан иборат ишчи гуруҳ хулоса берди.
Хулосада таъкидланишича, педагогнинг иш усули мураккаб дудуқланиш муаммосига тор ва ибтидоий ёндашув бўлиб, мутлақо илмий асосланмаган.
Шунингдек, дудуқланишни бартараф этишда қўллаётган руҳий ва жисмоний зўравонлик усуллари болаларнинг соғлиғи ва тарбиясига жиддий зарар келтириши мумкин ҳамда педагогика қоидаларига бутунлай зид.
Юнусобод тумани ИИО ТБ олиб борган терговга қадар текширув материаллари ўрганилиб, Д.Ж.нинг ҳаракатларида алдаш ва одамларни ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ва унинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишда ифодаланган жиноят аломатлари мавжудлиги аниқланган.
Жорий йилнинг 27 февраль куни Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда Юнусобод тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.