— Катта-катта режалар, орзу ва мақсадлар қилмаган тадбиркор тадбиркор эмас. Тадбиркорликни бошлаган йиллари бизда ҳам шундай мақсад ва режалар бўлган. Улардан бири “Made in Uzbekistan” белгиси туширилган маҳсулотларимизни хориж бозорларига чиқариш сотиш эди. Шу ниятимиз кейинги йилларда амалга оша бошлади. Бу биз, тадбиркорларни қўллаб-қувватлов ва ишонч туфайли бўлди. Натижада бизда қўрқув йўқолди. Тўғриси, илгари ҳисобрақамимизда қанча пул борлигини айтишдан чўчирдик, бор имкониятимизни юзага чиқаришга иккиланиб турардик. Чунки пулимизнинг ҳам, имкониятимизнинг ҳам сўрови бўлар эди-да.

Бугун бизни ҳар қандай қўрқув ҳисси тарк этди. Онгу тафаккуримиз ўзгарди. Дунё бозорларини забт этишга киришдик. Барча қитъа бозорларида юзимиз ёруғ, қаддимиз тик. Бу ҳам янги Ўзбекистонда яратилган фаол ва ишончли ишбилармонлик муҳити самарасидир.

Давлатимиз раҳбари иккита иш ўрни яратган тадбиркорни елкамда кўтараман, деб кўп бор такрорлайди. Кечаги учрашувда ҳам буни яна бир бор эслатди. Муболағасиз айта оламанки, тадбиркорга нисбатан бундай эътибор камдан кам бўлади.

Учрашувда дунёқарашимизни ўзгартирмас эканмиз, олдимизга қўйган мақсадларга эришиш мушкуллиги ҳақида ҳам гап борди. Бу гапнинг қанчалик ҳақиқат эканини фаолиятимиз мисолида қисқача айтиб ўтсам.

Гап шундаки, яқин яқингача биз фақат хомашё сотиш билан шуғулланардик. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўларди. Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳити ўзгариши билан, ўйлаб қарасак, хомашёдан тайёр маҳсулот қилиб экспортга йўналтирсак, ўн-ўн беш баробар кўп фойда олишимиз мумкин экан. Шу боис, дунёқарашимизни ўзгартириб, сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга киришдик. Бугун биз янги лойиҳалар асосида ишлаяпмиз. Пахта хомашёсидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи забт этдик. Натижада экспорт ҳажми кескин ошиб, 3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишгача етиб келдик.

Дунё миқёсида жуда катта рақобат муҳити шаклланган бугунги шароитда бозорларга кириб бориш осон иш эмас. Рақобат шу даражадаки, бир долларлик маҳсулот сотиш учун жуда катта кураш кетяпти. Шундай мураккаб шароитда ҳам ўзбекистонлик тадбиркорларнинг яхши натижаларга эришаётгани қувонарли. Бу юртимизда тадбиркорларга билдирилган ишонч, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётган фаол ишбилармонлик муҳити самарасидир.

 

ОДДИЙ УСТАДАН ЙИРИК ТАДБИРКОРГА АЙЛАНДИМ

Шуҳрат МУРОДОВ, Қарши шаҳридаги “Alp Texno Servis” хусусий корхонаси раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби:

— Фаолиятимизни 2006 йили синфдошим Санжар билан телевизор, электр жиҳозлари, компьютерларни тузатишдан, яъни оддий устачиликдан бошлаганмиз. Ўшанда кун келиб Қашқадарёда телевизор ишлаб чиқарадиган корхона эгаси бўламиз, деб сира ўйламаганмиз.

Ҳозирги кунда корхонамизда 120 га яқин йигит-қиз ишлайди. Уларнинг барчаси малакали мутахассис. Буни қулай ишбилармонлик муҳити самараси, деб биламиз.

Чунки 2006 йилдан бошлаб ўн йил давомида эришганимиз фақат электротехника эҳтиёт қисмларини сотиш ва таъмирлаш учун мўлжалланган кичикроқ бир дўкон эди. Шунда ҳам деярли ҳар куни текшир-текширлардан безор эдик. Бугун катта корхона эгасимиз, лекин охирги марта қачон текширувчи келган, эслолмаймиз.

Президентимизнинг 2016 йили Қашқадарёга ташрифи фаолиятимизда туб бурилиш ясади. Ўшанда телевизор ишлаб чиқариш лойиҳасини тақдимот қилганмиз. Давлатимиз раҳбари чет эл тажрибасини ўрганиб қайтишни маслаҳат берган эди. Шундан сўнг Хитойга бориб телевизор ишлаб чиқариш тажрибасини ўргандик. Кўп ўтмай кичик бир линияни олиб келиб, ишлаб чиқаришнинг дастлабки босқичини бошлаб юбордик.

Ўша вақтда бизни давлат қўллаб-қувватламаганида, имтиёзлар берилмаганида, балки ишимиз бу даражага етмас эдими, деб ўйлаймиз. Яъни тадбиркорларга кредитлар ўз вақтида ажратилиши, ишлаб чиқариш фаолиятини бошламоқчи бўлганларга ноль қийматда ер ажратилиб берилиши энг катта ёрдам, деб ҳисоблаймиз.

Бу каби имтиёзлар бугун ҳам давом этмоқда. Мисол учун, экспортчи корхоналарга 7 кун ичида қўшимча тўланган қиймат солиғи қайтариб бериляпти. Бу бизнинг айланма маблағга бўлган эҳтиёжимизни қоплаб турибди. Божхона имтиёзлари ҳам эътиборга молик.

Бугун бир йилда 120 минг дона телевизор ишлаб чиқаряпмиз. Уларнинг 80 фоиздан кўпроғини экспорт қиламиз. Биргина 2022 йилда 2 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилган бўлсак, жорий йилда 5 миллион долларга етказишни кўзлаяпмиз.

Агар кейинги йилларда янги телевизорлар модели ва бошқа маҳсулот турларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйсак, экспорт ҳажмини 20 миллион долларга чиқариш имкони бўлади. Экспорт географиясини эса Европа бозорлари томон кенгайтирмоқчимиз. Буни, албатта, уддалаймиз!