18 ноябрь куни мамлакатимизда ватанимизнинг муқаддас рамзи, энг муҳим тимсоли бўлган байроқ қабул қилинган кунни нишонлаймиз. Ушбу байрам 31 йил аввал Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари ўтказилган VII сессиясида қабул қилинган.
Давлатимиз байроғи халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этибгина қолмай, осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолига айланган.
Аслида байроқларнинг келиб чиқиши, нима учун улар турли шакл ва рангларга эгалиги, улардан фойдаланиш одоби жуда қизиқ тарихга эгадир.
Дунё давлатларининг байроқлари келиб чиқиш тарихи турли хил, аммо, замонавий турдаги давлат байроғининг анъанаси денгиз байроқларига бориб тақалади, уларнинг энг қадимгиси Голландия (Нидерландия) байроғидир.

Байроқнинг тузилиши одатда икки ёки ундан ортиқ горизонтал ёки вертикал чизиқлардан, икки ёки ундан ортиқ рангнинг нисбатан оддий комбинациясидан фойдаланилган.
Дастлаб, бу анъана соф утилитар мақсадда пайдо бўлган - денгизда оддий байроқларни, оддий ранглар комбинациясини фарқлаш осонроқ бўлган. Мураккаб тасвирли байроқлар эса замонавий даврнинг маҳсулидир.
Давлат байроғининг тузилиши, ранглари, шаклига анъаналар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Aлбатта, ҳар бир ҳолатда ўзига хос тарихий анъаналар муҳим рол ўйнайди. Жумладан, Дания миллий байроғи 13-асрнинг бошларида жанг майдонидан тортиб олинган ҳарбий байроқдан олинган деган тарихий асослар мавжуд.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Скандинавия давлатларининг байроқларидаги хочнинг скандинав шакли шу даврдан пайдо бўлган.

Франция байроғи қироллик саройи (оқ), Париж герби (кўк) ва инқилоб (қизил) рангларини бирлаштирган Франция инқилобининг бошидаги кокарда давридан келиб чиққан; Британия байроғида Aнглия (Авлиё Георгий хочи), Шотландия (Aвлиё А хочи) ва Ирландия (Aвлиё Патрик хочи) иттифоқининг рамзи бўлган хоч бор.

Шаклларга келадиган бўлсак, давлат байроқларининг шакли анъанавий равишда тўртбурчак бўлган. Бу анъана денгиз байроқлари давридан бошланган. Аммо, таъкидлаш жоизки аъаналарга боғлиқ баъзи истиснолар ҳам мавжуд.
Масалан, нима учун Швейцария ва Ватиканнинг байроғи квадрат шаклда? Сабаби Швейцарияда кантонларни ифодаловчи бешта квадратдан иборат квадрат хочга асосланган. Ватикан байроғи 1808 йил намунасидан бўлиб, Рим папасининг штандарти квадрат бўлгани сабабли, Ватиканнинг байроғи ҳам шу тариқа моделлаштирилган.

Непал байроғи ҳам жуда оригинал кўринишга эга. Дунёдаги ягона тўртбурчак бўлмаган давлат байроғи. Бу Рана сулоласининг икки тармоғи - мамлакатнинг ўтмишдаги ҳукмдорлари вимпелларининг (бирор нарсанинг белгиси сифатида хизмат қиладиган тор учбурчак байроқ ёки мато) соддалаштирилган комбинацияси. Байроқ 1962 йил 16 декабрда қабул қилинган бўлиб, бу даврга қадар икки байроқ икки аср давомида алоҳида ишлатилган.

20 асрга келиб деярли жаҳон миқёсида байроқ давлат рамзи сифатида фойдалан бошлаган. Байроқ, агар унинг тавсифи мамлакат конституциясида ёки бошқа олий ҳуқуқий ҳужжатда мавжуд бўлса ва ундан фойдаланиш, қоида тариқасида, тегишли қонун ҳужжатлари билан тартибга солинган бўлса, расман қабул қилинган ҳисобланади.
Шунга кўра, агар байроқ давлатнинг расмий қонунчилигида мустаҳкамланган бўлса, у ҳолда давлатнинг халқаро ҳуқуқий тан олиниши билан бир вақтда унинг давлат рамзлари ҳам тан олинади.
Бир ҳил кўринишдаги байроқлар ҳам тарихан пайдо бўлган. 19-аср ва 20-асрнинг бошларида Россия славян дунёсида машҳур бўлганида, русларнинг байроғи турли славян халқлари ва давлатларининг байроқлари учун асос бўлган.
Масалан, Монако ва Индонезиянинг давлат байроқлари бир хил. Ҳатто Монакодан Индонезияга бу масалада даъволар ҳам бўлган, аммо агар давлат маълум бир байроқни қабул қилишга қарор қилса, ҳеч ким буни тақиқлай олмайди. Бу ҳолатда масала фақат маълум тарихий анъаналарга тақалиб боради. Монако ҳам, Индонезия ҳам қадимий, шу билан бирга бир биридан бутунлай фарқ қиладиган анъаналарга эга. Жакарта ўзининг миллий байроғида ушбу ранглар ва уларнинг тартибини қўллашнинг тарихий асосини исботлай олган. Яъни, халқаро ҳуқуқда байроқлар баҳс мавзуси бўлиши мумкин. Aммо бу масала бўйича халқаро суд жараёнлари жуда кам учрамайди.
Кўришимиз мумкинки, тарихдан давлат рамзлари доимо улуғ ва муқаддас саналган. Шу жумладан, байроқ ҳамиша инсонларни якдилликка, улуғ мақсад йўлида бирлашишга чорлаган ҳамда бу рамз ор-номус, шон-шараф белгиси сифатида эъзозланган. Зеро, байроқ ҳар бир халқ, миллатнинг шонли ўтмиши, асрий анъана ва урф-одатларини ўзида акс эттирган.
Шундан келиб чиқиб, биз барчага, айниқса ўсиб келаётган ёш авлодга давлат рамзларининг муқаддаслигини, улар бизга юрт манфаати ҳар недан устунлигини англатиб, эслатиб туришимиз мақсадга мувофиқдир.
Б.Баходиров,
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг
Миллий ғоя ва маънавий-маърифий тарғибот ишларини методик таъминлаш бўлими Кичик илмий ходими