17-21 апрель кунлари, 5 кун давом этадиган фестиваль, ўзига хос нуфузда, юксак савияда меҳр-оқибат, севги, дўстлик, қардошлик, Ватанга муҳаббат қўйингки дунёдаги жамики эзгуликлар жамланган суратларни рассомларнинг мўйқаламида моҳирона тарзда намойиш этмоқда. Тадбир дастурида тарихий дизайн либосларнинг мода намойишлари, архитектура, дизайн, кино, миниатюра, каллиграфия йўналишларидаги бир ижодий намуналар тақдим этиляпти.
Ўзбекистон Бадиий академияси ташаббуси билан фестивалда биринчи марта Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ ташкилотига аъзо мамлакатлар рассомларининг “Турк дунёси рассомларининг учрашуви” номли кўргазмаси ҳам фестивалдан жой олди. ТУРКСОЙнинг 30 йиллигига бағишланган кўргазмада ташкилотга аъзо барча давлатлар, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон билан биргаликда Венгриядан жами 20 нафар рассомлар ўз асарлари билан қатнашмоқда.
– Халқаро Туркий маданият ташкилоти ТУРКСОЙ номидан барча ўзбекистонликларга самимий туйғуларимни изҳор этган ҳолда шуни таъкидлашни истардимки, Ўзбекистоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири, илм-фан маркази, маданият ва санъатнинг калби, цивилизациялар пойтахти Тошкентда санъат мухлислари билан юз кўришиб турганимдан бағоят хурсандман, дейди ТУРКСОЙ Халқаро ташкилотининг бош котиби Султон Раев. – Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан хориждан кўплаб рассомлар иштирокида турли тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Мазкур фестиваль ҳам ана гўзал тадбирлардан биридир. Бу тадбирларнинг муваффақиятли ўтиши ва дунёда акс-садо беришида Ўзбекистон Бадиий академияси раисининг хизматлари катта. Шу сабабли уларни чин қалбимдан самимий табриклаб, ТУРКСОЙ оиласи сифатида ҳар доим қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигимизни билдираман. Фестивалнинг барча иштирокчиларига муваффақият тилайман. Ўзбекистонда ҳар йили 21 апрель “Рассомлар куни” сифатида нишонланади, шу муносабат билан барча рассомларимизни ҳам байрам билан муборакбод этаман...
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ўтказилаётган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалнинг бу йилги фарқи шундаки, унда дунё тан олган рассомлар билан биргаликда ёш ранг-тасвир усталарининг ҳамнафасликдаги, ҳамкорликдаги кўргазмалари, амалий мулоқоти, маҳорат дарслари, ҳайкалтарошлик, каштадўзлик, ишланмалари, янгилик ва ўзгаришлар тақдимотлари ҳам кенг намойиш этилди ва қамраб олинди, – дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуриддинов. – Бу эса, миллий маданият ва санъатимизда сўнгги йилларда Президентимиз бошчилигида мисли кўрилмаган ислоҳотлар ва изчил ўзгаришлар юз бераётганидан далолат беради. Қаранг, ёшлик нафаси уфурган, бахтиёрлик нашидаси тасвирланган, гўзаликка йўғрилган, табиатни асрашга интилган, санъат асарлари, ҳайкалтарошлик, кулолчилик ва дизайн соҳасидаги турли йўналишларда тақдим қилинаётган ушбу кўргазмалар, фетивалнинг нуфузи нечоғлик нуфузи баланд ва юқори савияда ўтказилаётганидан дарак беряпти. Бу давлатимиз раҳбари ғамхўрлиги остидаги бизнинг ютуғимиз, ҳаракатларимиз самараси ва юксалишимиз натижаси ва намунсидир!
Дарҳақиқат, фестивал жараёнларида ёшларнинг юзидаги табассум, устозлар кўзидаги мамнуният, хорижлик меҳмонларнинг ҳайратомуз нигоҳлари, ташриф буюган санъат ихлосмандларининг ва мартабали меҳмонларнинг дил сўзлари, олқишлари фестивалнинг ниҳоятда долзарб ва самарали эканлигини намоён этди. Интернет саҳифаларида, телерадио каналларида тинмай айланиб, газеталар саҳифаларида чоп этилган фестиваль жараёнига оид хабар ва янгиликлар, тўлиқ маълумотлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
Ижодий жараёнлар ва намойишларда тарихий либосларнинг мода намойишлари, тажрибали рассомларнинг чиқишлари, халқ рассомлари ва устозларнинг маҳорат сабоқлари фестивалнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ очиб берди. Айниқса, ҳаваскор, ижодини эндигина бошлаган минг ҳадик билан катта саҳнага ўз ижодий ишларини тақдим этган ёшларнинг тақдимот жараёнларидаги ҳаяжонлар нафақат уларнинг балки томошабинларнинг ҳам қалбларига кўчгандай тасссурот қолдиряпти.
Санъат ихлосмандлари ўзбекистонлик ва дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган ижод усталарининг беназир, бағоят гўзал санъат намуналаридан баҳра олиб, ижодий мулоқот қилишга ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконига ҳам эга бўлдилар.
Лўндагина қилиб айтадиган бўлсак ушбу фестивалда нафақат юртимиз балки, дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган санъат усталарининг беназир санъат намуналаридан баҳра олинди балки, ижодий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятига ҳам эга бўлади.
Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали кенг кўламли, юксак нуфузли катта бир тадбир, кўнгилларга сурур бағишлаган санъат байрами сифатида барчанинг қалбида ёрқин из қолдирди.
Гуличеҳра ДУРДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири