Халқаро илмий-адабий анжуманда АҚШ, Россия, Туркия, Озарбайжон, Эрон, Тожикистон, Афғонистондан шарқшунос ва навоийшунос олимлар иштирок этиб, Алишер Навоий меросини ўрганиш бўйича бугунги кунда амалга оширилаётган  илмий изланишлар ҳақида сўзлаб берди.

Жумладан, Озарбайжон Миллий Илмлар академияси вице-президенти Исо Ҳабиббейли Алишер Навоий ижодининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни, Туркия Истанбул университети ассистент профессори Эмек Усенмез Алишер Навоийнинг туркий тилли халқларни бирлаштириш йўлидаги хизматлари, Тожикистон Фанлар академияси Ёзма мерос миллий маркази бўлими бошлиғи Саидхўжа Ализода Алишер Навоийнинг Тожикистон Шарқ қўлёзма фондида сақланаётган асарларининг нусхалари ҳақида маъруза қилди.

Алишер Навоийнинг илмий мероси ва матншунослик, Алишер Навоий адабий мероси ва таржимаи ҳоли, Алишер Навоий лирикасини ўрганиш масалалари, Алишер Навоийнинг лингвистик мероси ва шоир ижодини ўқитиш муаммолари  ва бошқа йўналишлар конференция шўъбаларида муҳокама қилинди.