Ишсизликни камайтиришда ўзгача амалиёт
Ҳозир вақтинча бекор, иш излаётган фуқароларни эҳтиёжи ва қобилиятига муносиб иш билан таъминлаш муҳим масала. Бу бандлик бўлимлари, мономарказлар, касб-ҳунарга ўргатувчи турли курслар, шунингдек, олий таълим муассасалари шуғулланадиган долзарб вазифа. Мазкур жараённи, аввало, маҳалладан бошлаб, ҳар бир хонадонда меҳнатга яроқли қанча одам борлиги, уларнинг қанчаси иш билан банд эмаслиги, халқ хўжалигининг барча тармоғида қанча иш ўрни мавжудлигини ҳисобга олиш даркор.
Таҳлилларга кўра, ишсизларнинг 99,7 фоизи ўрта ва ўрта махсус маълумотлилар. Бунда, албатта, ишсизлар сони билан бўш иш ўринлари ўртасида номутаносиблик вужудга келади. Шу боис, 2021 йил 27 январда давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокама қилинган эди.
Президентимизнинг 2022 йил 4 мартдаги талабалар бандлигини таъминлаш ва уларга шароит яратиш борасидаги топшириқларининг амалиётга жорий қилинаётгани айни пайтда ижобий натижа бермоқда.
Бозор стихияли шаклланади
Мамлакатнинг келажаги, пойдевори сифатида бутун дунёда ёш авлодга катта эътибор қаратилади. Юртимизда олиб борилаётган сиёсат ҳам ёшларга ҳар томонлама қулай имконият яратилаётганидан, инсон манфаатларига устувор масала сифатида қаралаётганидан далолатдир. Ижтимоий ҳаётимизда, турли даврларда инсонлар ўз меҳнатини, яъни жисмоний ишлаш қобилиятини ҳар хил фаолиятга сарф қилиб келган.
Бунинг икки жиҳати бўлиб, биринчиси, ўз шахсий фаолиятида ва иккинчиси, ўзгалар манфаати доирасида ўзига ҳам, мулк эгасига ҳам фойда келтирган. Ана шу жараён ишчи кучи таклифини юзага келтирган. Бу ҳолат ўзининг ишлаб чиқариш воситаси бўлмаган ишчи кучи эгаларига тааллуқли бўлиб, уларнинг ўзларига муносиб, ўзлари бажариши мумкин бўлган ишни қидиришига, излашига олиб келган.
Муҳими, бу қандай ишлаб чиқариш усули бўлишидан қатъи назар, ҳаётий заруратга айланди. Ҳозир бир кунлик иш учун ишлайдиганлар ҳам турли тоифаларга ажратилади. Усталар, мутахассислар, ёрдамчилар, қурувчилар, қишлоқ хўжалиги ишлари ва уй юмушларини бажарувчилар, томорқада ишловчилар шулар жумласидан.
Бу бозор иш изловчилар ва ишга таклиф қилувчилар ўртасида юзага келади. Ишчи кучи баҳоси ҳам талаб ва таклиф ўртасида шаклланади. Унинг бошқача мезони бўлиши мумкин эмас. Стихияли шаклланадиган бу бозорни муайян мурватлар орқали тартибга солиш ҳам мумкин. У ҳар бир иш изловчининг тўлиқ маълумоти ва харидорнинг хоҳиши асосида шакллантирилиб, тартибга солингани учун меҳнат бозорига айланади.
Демографик тадқиқотлар натижаси
Президентимизнинг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ўзини ўзи банд қилаётган шахслар учун 67 хил иш ва хизмат тури тасдиқланган. Қарорга мувофиқ, юртимизда меҳнат мигрантларини касбга ўқитиш, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга муносиб шароит яратиш, чет тилларни ўргатиш, уларни молиявий қўллаб-қувватлаш, меҳнат миграциясидан қайтган шахсларнинг интеграцияси масалалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида кўриб чиқилади.
Маълумотларга кўра, 2019 йили юртимизда 1 миллион 335,3 минг киши, Самарқанд вилоятида эса қарийб 148 мингдан зиёд вақтинчалик ва доимий ишсиз мавжуд эди. Бу иқтисодий фаол аҳолининг 9,3 фоизини ташкил қилади. Аҳолининг бандлик даражаси эса 65,4 фоизни ташкил этган. 2020 йилги пандемия шароитида яқин ва узоқ хорижий давлатлардан ватанимизга қайтиб келган ва қолиб ишлаётган фуқаролар бунга яққол мисол бўлади.
Норасмий маълумотлар эса, юртимизда меҳнатга яроқли аҳолининг салмоқли фоизи ишсизлар эканидан далолат беради. Бу эса, ўз навбатида, аҳоли ўртасида демографик тадқиқотлар олиб боришни тақозо қилади. 2021-2022 йилларда Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиали илмий тадқиқотчилари ишсизлик муаммосини чуқурроқ ўрганиш мақсадида монографик тадқиқотлар олиб борди.
Жумладан, меҳнат бозоридаги ишсизларнинг истак-хоҳишлари ҳамда ҳолатини ўрганиб, ижтимоий сўровномалар, маҳаллаларда алоҳида суҳбатлар ўтказди. Шунингдек, туманларда меҳнат ресурслари ортиқчалиги ва уларнинг етишмовчилиги мезонлари бўйича индивидуал ҳолат ҳам ўрганилди. Жараён 5 мингга яқин кишини қамраб олди.
Аввало, ўрганиш кунлик ёлланиб ишлайдиганлар турадиган манзилларда бошланди. Бу ижобий натижа бермагандан кейин қишлоқлардаги аҳоли ўртасида сўровномалар ўтказиш йўли билан ҳолат ўрганилди. Меҳнат бозори иштирокчиларининг маълумоти бўйича гуруҳланишида энг юқори кўрсаткич ўрта маълумотлиларда бўлиб, улар ўртача 92,8 фоизни ташкил қилган.
Ишчиларнинг ёши бўйича гуруҳланишида асосий салмоқни 21-30 ёшлилар ташкил қилган ва бу умумий кўрсаткичнинг 50,5 фоизи демакдир. Ҳозир аҳоли бандлиги ва ишсизлик масалаларига қаратилган эътибор кучайгани билан унинг аҳамияти камайгани йўқ. Чунки иқтисодиёт тармоқларида ривожланиш интенсив йўналишда давом этиб, келажакда барча соҳа ва тармоқлар рақамли иқтисодиётга ўтиши муносабати билан ишсизлик ва бандлик масалалари янада долзарб бўлиб қолади. Шу боис, бутун мамлакатда, жумладан, вилоятда, мактаблар ва олий таълим муассасаларида қўшимча курслар ва касб берувчи марказлар ташкил қилинаётгани айни муддаодир.
Илмлилик — бош мезон
Бир оз ортга назар ташласак, ўтган ўқув йилларида хорижий олийгоҳларга ўқишга чорлов, яъни “имтиҳонсиз талаба бўлиш” ва натижада абитуриентнинг билимини ҳеч бир мезон билан баҳоламай, қанчадир пул эвазига талабаликка қабул қилиш ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинар эди. Гўёки бир йилдан сўнг уларнинг талабаси, дарсга борган-бормаганидан қатъи назар, ўқишни кўчириб ўтказиши мумкин эди.
Буни қандай тушуниш мумкин? Бу ҳолат айрим давлатлар нуфузли олий ўқув юртларининг бизга сифатли кадр тайёрлашдаги ўзига хос “ёрдами” эдими? Мамлакатлар ўртасида шартномалар тузилаётган вақтда шу мезон ҳисобга олинадими ёки бу ерда сифат унча аҳамиятга эга эмасми? Биз мамлакат ичида сифатга катта эътибор қаратаётган вақтда хорижлик дўстларимиз маҳаллий ўғил-қизларимизни бир йил ўқитиб ёки ўқитмай қайтариб юбораётганини нима деб тушуниш мумкин эди?
Бу ҳолат юртимизда таълим олаётган талабаларнинг ҳам ўқишига, фаолиятига жиддий таъсир кўрсата бошлаган. Бошқа томондан, олий таълим тизимини коррупциясиз соҳага айлантириш учун жиддий кураш олиб борилаётган бир пайтда имтиҳонсиз, осонгина бирор хорижий олий таълим муассасасига ўқишга кирган йигит-қиз шундай хавфни ҳам тарғиб қилмаслигига ким кафолат берар эди?
Бу соҳадаги ўтган йиллар амалиёти шуни кўрсатдики, давлат комиссияси томонидан бизга тавсия қилинган талабаларнинг айримлари ҳатто ҳужжатнинг асл нусхасини ҳам ўша олий ўқув юртларидан олиб келиб тақдим қила олмади. Бунга бир томондан COVID-19 билан боғлиқ карантин ҳолати сабаб бўлса, бош қа томондан дарс ўтилмаган ёки дарс бўлса ҳам, айрим ёшларимиз қатнашмаган.
Масалан, биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида ўтган ўқув йилида давлат комиссиясининг қарорига биноан 189 нафар талаба Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий таълим муассасаларидан мурожаат қилган. Улардан 161 нафари талабаликка қабул қилинди. Бундан ташқари, 28 нафар абитуриент қатор сабабларга кўра, ўз хоҳишига биноан ўқишни кўчиришдан воз кечган.
Яна 14 нафари шартнома пулини тўламагани, 11 нафари қўшни давлатдаги олийгоҳда тўлиқ бир семестр ўқимагани учун талабаликка қабул қилинмади. Бошқа олий таълим муассасаларида ҳам ўқиши кўчирилиб, тикланаётган талабалар билан ишлаш жараёнида худди шундай ҳолатлар кузатилди. Бу амалиёт ўқув йили давомида барча олий таълим муассасалари фаолиятида ижобий натижаларга олиб келмади. Бу жараён, албатта, олий таълим соҳасида ўзига хос ўзгаришлар бўлишини тақозо қилган эди.
Президентимизнинг ўтган йили 22 июндаги “2021/2022 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарорида чет элда ўқиётган талабалар ўқишини хорижий мамлакатлардан юртимиздаги давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш, ДТМ тест синовлари орқали қабул қилиш белгилангани эътиборга лойиқ иш бўлди.
Ўтган ўқув йилидан бошлаб, хориждан ўқишни кўчириш масаласига ойдинлик киритилиб, бу жараён анча тизимга келтирилди. 2021-2022 ўқув йилида эса таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг такомиллаштирилган янги, иккинчи босқичи амалга оширилди. 2022 йил 8 апрелда олий ва ўрта махсус таълим вазирининг тегишли буйруғи билан 2022-2023 ўқув йилида хорижий давлатлардаги олий таълим муассасалари, юртимизда фаолият юритаётган нодавлат ва хорижий (филиаллар) олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш учун ўтиш баллари тасдиқланди.
Унга биноан таълим йўналишларига қараб табақалаштирилган ҳолда баллар белгилаб олинди. Масалан, иқтисод таълим йўналишига 105 балл этиб белгиланиб, бу рақам миллий иқтисодиётдаги шу таълим йўналишига шартнома асосида ўқишга кириши мумкин бўлган абитуриентларнинг кириш баллига деярли тенглаштириб қўйилди. Бу эса хориждан ўқишни кўчиришга бел боғлаган талабаларнинг билимини яхшилаб синовдан ўтказиш имкониятини беради.
Демак, хорижга алдов билан, яъни “харажатлар ҳисобидан имтиҳон топширмай” кириб, яна тестдан 105 балл тўпл ай олмаса, албатта, меҳнатига куяди. Бундан икки жиҳат келиб чиқади, аввало, ўқишни бошидан бошлашга ва молиявий жиҳатдан ортиқча пул сарфлашга тўғри келади. Муҳими эса, ўзини англаган йигит-қиз турли алдовларга учмасдан, шу ерда яхши ўқиб, билимини ошириб, ўқишга ҳужжат топширади.
Интеграция — муаммонинг бир ечими
Президентимиз раҳбарлигида шу йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган топшириқ ва вазифаларга биноан Тошкент давлат иқтисодиёт университети Самарқанд филиалида бўш хона ва иншоотлар қайта инвентаризациядан ўтказилди. Уларнинг майдони ҳамда бўш вақти кўрсатилган ҳолда рўйхати шакллантирилди.
Мазкур маълумотлардан талабаларни хабардор қилиш мақсадида шакллантирилган рўйхат филиалнинг расмий сайтида, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёритилди, маълумотлар бурчагига жойлаштирилди. Филиалнинг “карьера маркази” томонидан талабаларнинг банд лигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.
Талабалар томонидан янги ташкил этилиши режалаштирилган хизмат турлари учун хона ва иншоотларни жиҳозлаш, моддий-техник базасини шакллантириш учун зарур бўладиган харажатлар белгиланган тартибда филиалнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қопланиши учун харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритилди.
Талабалар бандлигини таъминлаш мақсадида маиший, хизмат кўрсатиш ва бошқа хизмат турларини ташкил этиш назоратга олинди. Филиалда кундузги бўлимнинг 822 нафар талабасидан ишга муҳтожи 226 нафарни ташкил этиб, бугунгача 156 нафарининг бандлиги таъминланди. Жумладан, филиалнинг ички имкониятлари ҳисобидан 27 нафар, олийгоҳ ҳудудида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига 17 нафар, ўқув муассасасига туташ тадбиркорлик субъектларига 52 нафар, Самарқанд шаҳридаги Президент мактабидаги вакант жойга 1 нафар, олийгоҳ йўналиши бўйича фаолият кўрсатаётган йирик корхоналарга 49 нафар, бошқа йўналишлар бўйича корхоналарга 13 нафар талаба ишга жойлаштирилди.
Демак, юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларга шароит яратишдек оқилона сиёсат олий таълим муассасаси талабаларидан бошланиши фан — таълим — ишлаб чиқариш интеграциясининг узлуксиз, кетма-кетликда давом этиши ва ривожланиши, ишсизлик муаммосига анча кеч қолиб дуч келишдек масалаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бу янги Ўзбекистондаги ишсизлик муаммосини камайтириш борасида ўзига хос, бошқа давлатларда учрамайдиган йўл бўлиб, муаммо пайдо бўлгандан кейин курашиш эмас, балки унинг олдини олиш борасида катта амалиётдир.