“Aср вабоси” номини олган гиёхвандлик инсоннинг осуда ҳаётига раҳна солиб, онгини ўзига бўйсундирувчи заҳри қотилдир. Бу шундай қуролки, ўз домига илинтирган одамни разолат дунёсига етаклайди ва бу жараёнда инсон жамиятдаги ўрнини йўқота бошлаганини англамай қолади.
Гиёҳвандлик – ХХI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб улгурди. Ўрта асрларда инсоният ҳаётига жиддий хавф солган вабо ва ўлат каби офатлар, бугунги цивилизация замонига келиб ўз ўрнини гиёҳвандлик иллатига бўшатиб берди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, қанчалик қийин бўлмасин, биз ёшлар тарбияси бўйича ўзимизга хос ва таъсирчан, бугунги кунга ҳамоҳанг усулларни излаб топишимиз керак. Жондан азиз фарзандларимизни бузғунчи ва зарарли ғоялар, жиноятчилик, гиёҳвандлик, лоқайдлик, маънавий қашшоқлик кайфиятидан асрашимиз зарур.
Статистик маълумотларга кўра дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир етилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Дунёқараши ендигина шаклланиб бораётган, бор куч-ғайратини фақат билим олишга, изланишга, ҳунар ўрганишга сарфлаши керак бўлган бир пайтда, ўсмирларни алдов йўли билан гиёҳвандлик қурбонига айлантираётган кимсалар озми? Қанчадан-қанча оилаларнинг ёстиғини қуритаётган гиёҳвандликка қарши ҳар бир инсон ўзи курашмоғи, ташқи таъсирлардан ҳимояланмоғи лозим.
Гиёҳвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турли хилда кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида унинг қурбонига айланади. Ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки бееътиборлик сабаб бўлади.
Ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши, ота-оналар фарзандини ҳаддан ташқари эркалатиши ва улар тарбиясига бепарволиги юқорида келтирилган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Инсоният анчадан бери гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига қарши курашишнинг самаралироқ ижтимоий, сиёсий, тиббий ва ҳуқуқий усулларини топишга уриниб келмоқда.
Aксарият мамлакатларда гиёҳвандлик воситаларининг ғайриқонуний тайёрланиши ва истеъмол қилинишининг тез суръатларда кўпайиб бораётгани сўнгги ўн йилликлардаги энг хавфли тенденсиялардан биттасидир. Гиёҳвандлик моддаларининг бутун дунё бўйлаб ноқонуний тарзда тарқатилаётган умумий ҳажмидан 10-15 фоизи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан аниқланмоқда холос.
Ўзбекистонда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланишига самарали қарши курашишни ташкил қилиш муаммоси мамлакатда криминоген вазиятни барқарорлаштириш жараёнида объектив тарзда муҳим ўрин эгаллайди. Давлатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, жамият бошидан кечираётган қийинчиликлар қонун чиқарувчи ва ижро этувчи органлардан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига қарши курашишнинг янада мукаммал ва таъсирчан тизимини яратишни талаб қилмоқда.
Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралардан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасини аниқлаш бўйича аниқроқ ишларни ташкил этишни талаб этади.
Фарҳод ХОЛИҚОВ,
Тошкент давлат юридик университети
ўқитувчиси