Бу ҳақда ДХХ хабар берди.

Қайд этилишича, 2025 йил август ойида гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва савдосига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳамда Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси, шунингдек, Ички ишлар вазирлиги вилоят бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида Узун туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида 2005 ва 2006 йилларда туғилган икки нафар маҳаллий фуқаро давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиб, Тожикистон Республикасидан 20 кг 374 гр «опий» ва 41 кг 668 гр «гашиш» моддаларини олиб келаётган вақтида ушланди.

Шундан сўнг тезкор ҳаракатлар давом эттирилиб, уларнинг жиноий шериклари — Узун туманида яшовчи 2000 ва 2004 йилларда туғилган икки нафар шахс ҳамда «ажал оғуси»нинг буюртмачиси сифатида гумон қилинган, Денов шаҳрида истиқомат қилувчи 2000 йилда туғилган фуқаро ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди ҳукмига асосан, айбланувчилар Жиноят кодексининг 223, 246 ва 273-моддалари билан айбли деб топилди. Суд қарорига кўра, уларнинг ҳар бири 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мутасадди идоралар гиёҳвандлик воситалари контрабандаси ва савдосига қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни изчил давом эттирмоқда. Жиноятга жазо муқаррар.