Мамлакатимизнинг келгусидаги жадал тараққиёти истеъдодли ёшларни аниқлаш, танлаб олиш ва ўқитиш, уларнинг интеллектуал имкониятини намоён этишига ёрдам берувчи кўп тармоқли таълим муҳитини яратишни талаб этади. Шу маънода, халқаро фан олимпиадалари ва нуфузли беллашувлар юртимиз ўғил-қизларининг салоҳиятини рўёбга чиқарувчи, иқтидорини сайқалловчи платформа вазифасини ўтайди. Нуфузли мусобақанинг мамлакатимизда ўтказилиши эса бу борада мавжуд тажрибанинг дунё илмий жамоатчилиги томонидан тан олингани далолатидир.

Кимё фани бўйича Халқаро Менделеев олимпиадаси юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган дунёдаги энг нуфузли беллашувлардан саналади. ЮНЕСКО томонидан кимё бўйича мактаб ўқувчилари учун халқаро олимпиадага тенглаштирилган мазкур ягона фан олимпиадаси 1948 йили ташкил этилган. Унинг аҳамияти кимё олимпиадаларини янада ривожлантириш муаммоларига бағишланган халқаро йиғилишда ҳам алоҳида таъкидланиб, мактаб ўқувчиларига кимё фанини профессионал ўрганишга ёрдам берадиган минтақалараро ҳамкорликнинг энг яхши намунаси сифатида қайд этилган.

2004 йилдан Халқаро Менделеев олимпиадаси иштирокчилари сафига Болгария, Македония ва Руминия жамоалари, 2012 йилдан Венгрия, Туркия ва Саудия Арабистони қўшилди. 2016 йилда олимпиадада илк бор Исроил, Мўғулистон ва Нигерия жамоалари ҳам қатнашди. 2019 йилда 30 та давлат, жумладан, Украина, Грузия, Исроил, Саудия Арабистони, Австрия ва Хитой каби давлатларнинг иштироки тасдиқланган.

Ҳар йили турли давлатларда ташкил этиладиган олимпиадада 30 га яқин давлат вакиллари қатнашади.

— Юртимиз бу нуфузли, катта тарихга эга олимпиадага учинчи бор мезбонлик қилмоқда. Б ундай ишонч бизга фахр бағишлаш билан бирга, зиммамизга катта масъулият ҳам юклайди, — деди Президент таълим муассасалари агентлиги раҳбари Ҳилола Умарова. — Зеро, ёш авлоднинг илм-фан сирларини мукаммал эгаллаши учун кенг имконият яратиш, замонавий ва сифатли таълим бериш орқали Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш, Янги Ўзбекистон ёшларининг халқаро миқёсда катта ютуқларга эришишига замин ҳозирлаш асосий бурчимиздир. Бундай олимпиадаларда энг иқтидорли ўқувчиларни кашф этамиз. Шу жараёнда уларни саралаб, кучли мутахассис этиб имкони юзага келади.

 56-Халқаро Менделеев олимпиадаси бу йил уч босқичда ташкил этилмоқда. Иштирокчилар икки босқичда кимё бўйича назарий, учинчи босқичда эса амалий лаборатория машғулотлари орқали билимини синовдан ўтказади. Бу гал Ватанимиз шарафини 12 нафар вакилимиз ҳимоя қилади.

Олимпиада беллашувлари пойтахтимиздаги Муҳаммад ал-Хоразмий ҳамда Абу Али ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактабларда бўлиб ўтади. Уларда мусобақани юқори савияда ўтказиш учун барча зарур шарт-шароит яратилган. Танловнинг учинчи босқичи учун лабораториялар керакли жиҳозлар билан таъминланди.

— Мамлакатимиз ушбу олимпиадада 2008 йилдан иштирок этиб келмоқда. 2008-2021 йилларда юртимиз вакиллари 84 та медални қўлга киритган. Шундан 29 таси охирги беш йилликка тўғри келади, — деди Ўзбекистон жамоаси раҳбари Ортиқбой Эшонқулов. — Жумладан, ўтган йили 20-26 апрель кунлари кимё фани бўйича онлайн ўтказилган 55-Халқаро Менделеев олимпиадасида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўқувчиларимиз 1 олтин, 4 кумуш ва 2 та бронза медаль билан тақдирланган. Дунёга салоҳиятини намоён этаётган янги Ўзбекистон ёшларининг халқаро миқёсда эришаётган шу каби ютуқлари замирида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълимга қаратилаётган юксак эътибор турибди.

Экспертларнинг таъкидлашича, Халқаро Менделеев олимпиадасида бериладиган топшириқ ва вазифалар ўқувчилар учун мураккаблик қилса-да, жуда қизиқарли. У кимё фанидан ўтказиладиган бошқа миллий олимпиадалардан фарқ қилади. Асосийси, дастур ва тайёргарлик бўйича вазифалар тўпламининг йўқлигидир. Шу сабабли иштирокчилар кимёнинг турли соҳаларини пухта билиши керак. Халқаро Менделеев олимпиадаси топшириқлари беллашувда иштирок этувчи давлатларнинг етакчи олим ва кимё ўқитувчиларидан иборат доимий фаолият кўрсатувчи услубий комиссия томонидан тайёрланади. Мусобақа дастури йилдан-йилга янги услубда тузилган, ноодатий ва қизиқарли мавзулардаги масалалар билан бойитиб борилмоқда. Бу унинг нуфузи ва давомийлигини таъминлайди.

— Бу кимё фани бўйича беллашув узоқ давом этган пандемиядан сўнг илк бор офлайн тарзда ташкил этилаётир, — деди Халқаро Менделеев олимпиадаси ташкилий қўмитаси раиси, Россия Фанлар академияси мухбир аъзоси Степан Калмиков. — Икки йил онлайн форматда ташкил этилган олимпиададан сўнг юзма-юз кўришиш насиб этди. Ўзбекистон мазкур нуфузли олимпиадага мезбонлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олгани учун давлатингиз раҳбарига миннатдорлик билдираман. Олимпиадага пухта ҳозирлик кўрилган, шарт-шароит аъло даражада. Жамоалар ҳақида гапирсам, улар бу йил жуда кучли таркибда иштирок этяпти. Хусусан, Ўзбекистон жамоаси ҳам меҳмонлар учун муносиб рақиб бўла олади. Ўйлайманки, мазкур мусобақа кўплаб бўлғуси кимёгарларни илм-фан чўққиси сари бошлайди ҳамда уларнинг етук, малакали кадрлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Халқаро Менделеев олимпиадасининг яна бир алоҳида жиҳати бор, яъни унинг услубий комиссияси ва ҳакамлар ҳайъати таркибига профессор-ўқитувчилар билан бир қаторда олдинги олимпиадаларда ғолиб бўлган талабалар ва аспирантлар ҳам киритилади. Бу анъанани сақлашга ёрдам беради ҳамда келгуси йиллардаги давомийликни таъминлайди.

10-15 май кунлари бўлиб ўтадиган олимпиада дастуридан кўплаб қизиқарли тақдимотлар, шунингдек, юртимизнинг диққатга сазовор жойларига, тарихий обида ва музейларга саёҳат ҳам ўрин олган.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири