Яқинда бир тадбиркор билан суҳбатлашганимда, қўлда тўқилган ҳунармандлик маҳсулотларини деярли бозорга олиб чиқмаслиги, асосий харидорларни халқаро кўргазмалардан топишини айтиб қолди. Ўтган йили шундай йирик кўргазмаларнинг бирида Нью-Йоркда чоп этиладиган машҳур журналдан буюртмалар олгани, йигирмадан ортиқ маҳсулот етказиб берганини айтганида унча ишонмадим. Ўша журнални варақлагач, ҳар бир саҳифада айнан шу ҳунарманд тўқиган сумкаларнинг суратини кўргач, ҳайратимни яширмадим.
Назаримда, халқаро кўргазмалар маҳсулотларни бир бурчакка жойлаштириб, бир неча кун давомида одамлар учун намойиш этадиган жой, деган тасаввурим ҳали ҳам сақланиб қолган. Аммо бундай эмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Ҳозир юртимиз тадбиркорлари маҳаллий ва хориждаги кўргазмаларда фаол иштирок этиш ортидан кўплаб ҳамкорлар топиб, янги бозорларга чиқмоқда. Кўргазма майдонининг ўзидаёқ йирик шартномалар имзоланяпти. Бу миллий брендимиз остидаги маҳсулотларимиз жаҳон бозорида танилиши, харидорлар ишончига кириши ҳамда экспорт кўрсаткичлари каррасига ошишига хизмат қилмоқда.
2030 йилгача мамлакатимиз экспорти ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу маррага эришиш учун анъанавий бозорлар билан чекланиб қолмасдан, янгиларига чиқиш зарурлиги қайта-қайта таъкидланяпти. Юртимизнинг дунё давлатларига очиқлик сиёсати бунга катта имконият бермоқда. Аммо жараёнда маҳаллий тадбиркорлар иштирокини доимий ошириб бориш учун амалий ҳаракатлар зарур. Кейинги йилларда маҳаллий ишбилармонларимизнинг халқаро кўргазмалардаги иштирокини оширишга қаратилган ишлар шуларнинг бир қисми.
Аммо битта кўргазмада қатнашиш қанчалик қимматга тушиши, у ердан жой олишнинг ўзи катта харажат талаб этиши, натижа эса кафолатланмаганини бизнес вакиллари яхши билади. Шунинг учун ҳамма тадбиркор ҳам бунга жазм қилавермайди. Охирги йилларда эса бу харажатларни давлатимиз ўз зиммасига оляпти. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фақат кўргазмага бориб, маҳсулотини намойиш этиши кифоя.
Яъни тадбиркорларимизнинг чет мамлакатларда ўтаётган ярмаркалардаги иштироки давлатимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланиб, бориш-келиш харажатларидан тортиб кўргазма майдонида қатнашишигача бепул ташкил этилмоқда. Аҳамиятлиси, ҳар гал делегация таркибидан ўнлаб, юзлаб ишбилармон жой оляпти. Ҳар бири кўргазма давомида битта харидор топиб, бир неча миллион долларлик шартнома имзолаганда ҳам яхшигина натижага эришиш мумкин. Шундай бўляпти ҳам, ишбилармонларимиздан иборат делегация вакиллари халқаро кўргазмадан аниқ натижалар билан қайтмоқда. Айниқса, бу янги тадбиркорлар учун катта имконият бўлиб, қисқа вақтда экспортга чиқишига йўл очяпти. Натижада экспортёр корхоналар сони тобора кўпайиб боряпти. Ҳозир кичик бизнес эгаси ҳам экспортга чиқишга интиляпти, чунки бунинг учун имконият ҳам, кўмак ҳам етарли.
Америка бозорига йўл
Давлатимиз раҳбарининг ўтган йил декабрь ойида Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида экспорт ҳажмини ошириш, янги бозорларга кириб бориш ҳамда миллий брендимизни янада танитиш борасида аниқ вазифалар белгиланган. Шу боис, йил бошиданоқ бу борадаги ҳаракатлар бошлаб юборилди. Савдо-саноат палатаси бошчилигида тадбиркорларимиздан иборат делегация бугунга қадар қатор йирик халқаро кўргазмаларда иштирок этди.
Улар шунчаки кўргазма эмас, глобал савдо бозорининг бир қисми. Уларда катта шартномалар тузилади, бозорлар тақсимланади, иқтисодий шериклар топилади. Маҳаллий тадбиркорларимиз эса энг ривожланган мамлакатлар қаторида ана шу майдонлардан жой эгаллаб, миллий маҳсулотларимизни намойиш этмоқда. Янги ҳамкорлар, бизнес шериклар топяпти.
Дастлабки бизнес сафари АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида жойлашган “Texworld New York City” халқаро кўргазмаси бўлди. У жаҳон тўқимачилик ва енгил саноат соҳасидаги энг йирик тадбирлардан бири ҳисобланади. Мамлакатимиздан 20 га яқин етакчи компания “Made in Uzbekistan” миллий бренди остида 20–22 январь кунлари мазкур халқаро кўргазмада иштирок этди. Ўзимизда ишлаб чиқарилган матолар, ип-калава, тайёр кийимлар, замонавий аксессуар ва инновацион ечимлар намойиш қилинди. Миллий маҳслуотларимизнинг юқори сифати, экологик тозалиги ва жаҳон стандартларига мослиги халқаро харидорлар ва экспертлар эътиборини тортгани айтилмоқда.
“Texworld New York City” дунё бўйича жуда машҳур кўргазмалардан бири. Ҳатто унинг қатнашчилари жаҳон миқёсига чиққан тадбиркор сифатида эътироф этилади. Шу боис, кўргазмадаги иштирокимиз нафақат миллий маҳсулотларимиз тарғиботи, балки Ўзбекистоннинг тўқимачилик салоҳиятини халқаро майдонда намоён қилишда ҳам муҳим қадам экани айтилмоқда.
Таҳлилларга кўра, ўтган йили мамлакатимиз тўқимачилик саноати ишлаб чиқариш ҳажми 134 триллион сўмни ташкил этиб, 2,5 миллиард долларлик экспорт амалга оширилди. 2026 йилда бу кўрсаткични 3,3 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бунда халқаро кўргазмаларнинг ўрни алоҳида. Ўтган йили айни шу кўргазмада иштирок этиб, АҚШ бозорига кириб борган, бу галги иштироки ортидан яна янги ҳамкорлар топишга эришган тадбиркорларимиз ҳам шуни таъкидлаяпти.
Наргиза БЕКМУРОДОВА,
Хоразмдаги “Arta tex” МЧЖ раҳбари:
— Америка бозори жуда катта. Унга кириш ҳам, харидор топиш ҳам осон эмас. Аммо давлатимиз кўмагида катта қадамлар ташланяпти, яқин йилларда бу бозорга фаол кириб, муносиб ўрин эгаллашимизга ишонаман. Халқаро кўргазмаларнинг яхши томони ҳам шунда, мамлакатдаги тадбиркорлар бир жойда жамланади, уларга маҳсулотларимизни намойиш этиш, яқиндан таништириш имкони бўлади. Ўзимиз ҳамкор излаб юрмаймиз, кўргазма давомида келишувларга эришиш мумкин. Ҳеч бўлмаганда, ўша давлатнинг бозори, талаблари билан танишиб, ўрганиб қайтамиз.
Аммо кўпинча натижа бўлади. Бу Америкага иккинчи марта боришимиз. Нью-Йоркдаги кўргазмада ўтган йили ҳам қатнашганман. Ўшанда битта ҳамкор топгандик, келишувлардан сўнг америкалик мижозга маҳсулот экспорт қилдик. Кўргазмадаги бу йилги иштироким янада самарали бўлди. Бир нечта харидор маҳсулотларимизга қизиқиш билдирди. Улар билан музокаралар қиляпмиз. Тайёр эркаклар кийимларига харидор бўлишяпти.
Очиғи, янги мижозлар топишда халқаро кўргазмаларнинг аҳамияти ортиб боряпти. Чунки ҳозир ана шундай жараёнларда ҳамкорлар топиш замонавий тенденциялардан бирига айланган ва ҳатто йирик брендлар эгалари ҳам бундай тадбирларда фаол иштирок этади. Айниқса, ривожланган, катта бозорга эга давлатлардаги кўргазмаларда имконият кенгроқ бўлади. Авваллари бундай тадбирларда қатнашиш қаёқда эди. Бугун давлатимизнинг ўзи тадбиркорларни бир жойга тўплаб, шундай йирик тадбирларда муносиб иштирок этишимизни юқори даражада ташкиллаштириб бераётгани одамни қувонтиради. Ҳамкорлик ўрнатиш, экспорт масалаларида ҳам мутасаддилар ёнимизда туриб, доимий йўл-йўриқ кўрсатишяпти.
Бугун маҳаллий тадбиркорларга берилаётган имкониятлар ортида миллий маҳсулотларимизни жаҳон бозорига кенгроқ олиб чиқиш мақсади бор. Айниқса, тўқимачилик соҳасидаги имтиёзлар самараси кейинги йилларда яққол кўзга ташланяпти. Юртимизда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш саноати бу қадар ривожланишини бундан ўн йиллар олдин ўзимиз ҳам тасаввур қилмаганмиз. Ҳозир соҳадаги тадбиркорлар сони, улар ишлаб чиқараётган маҳсулотлар сифатини кўриб, ҳайратга тушмасликнинг иложи йўқ. Улар, ҳақиқатан, ўзимизнинг бренд, ўзимизнинг маҳсулотлар.
Улар ўнлаб давлатга экспорт қилиняпти. Ўзимиздан мисол, корхонамизда деярли барча турдаги тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Йиллик ишлаб чиқариш қуввати 3 миллион донадан юқори. 2022 йилдан буён маҳсулотларимиз фақат экспортга йўналтирилади. Асосий харидорларимиз Россия, Қозоғистон, Туркманистон, Озарбайжон бўлса-да, кейинги йилларда янги бозорларга кириб боряпмиз. Америка бозори шулардан бири.
Нью-Йоркда ўтган кўргазма давомида бу бозорни кенгроқ ўргандик ва харидорларни асосан маҳсулотларимиз сифати, нархи, етказиб бериш муддатлари ҳамда халқаро стандартларга мослиги қизиқтиришига гувоҳ бўлдик. Бу борадаги таклифларимиз уларга маъқул келяпти.
“Gulfood — 2026”: глобал савдо майдони
Юртимиз тадбиркорларининг кейинги манзили осмонўпар бинолари билан ном чиқарган Дубай шаҳри бўлди. У ерда юртдошларимиз йил давомида катта қизиқиш билан кутиладиган ҳамда дунё озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари соҳасидаги энг йирик кўргазмалардан бири — “Gulfood—2026”да иштирок этди. 26 январь куни старт олган кўргазма бир неча кун давомида жаҳоннинг 190 дан ортиқ давлатидан келган 8 500 дан ортиқ компания вакилларини ягона нуқтада жамлади. Ушбу глобал майдонда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам бор эди.
— Мазкур кўргазма 30 йилдан буён ўтказиб келинади, — дейди “Савдони ривожлантириш компанияси” АЖ бошқаруви раиси Холмурод Бобоев. — Унда жаҳоннинг энг йирик компаниялари иштирок этади. Булар қаторида юртимиздан ҳам 70 га яқин ишлаб чиқарувчи корхона ўз маҳсулотлари билан, 50 дан ортиқ корхона эса кузатувчи сифатида қатнашди. “Gulfood—2026” доирасидаги иштирок маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиз учун янги халқаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда “Made in Uzbekistan” брендини жаҳон бозорида янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Халқаро кўргазманинг 510 квадрат метр майдонидаги экспозицияда миллий бренд остидаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари намойиш этилди. Бу шунчаки намойиш эмас, балки маҳсулотларимизнинг халқаро харидорлар ва потенциал ҳамкорларга юқори нуқтадан туриб, муносиб шаклда тақдим қилиниши бўлди. Улар араб давлатлари вакилларида катта қизиқиш уйғотгани айтилмоқда. Ҳар ҳолда, бир неча дақиқалик суҳбатлар ортидан миллионлаб долларлик шартномалар тузилган. Маҳаллий тадбиркорларимиз глобал бозорнинг энг йирик савдо нуқтасида туриб имкониятлардан максимал фойдаланишга интилган. Натижалар ҳам шунга яраша.
Шаҳзодбек МУТАЛОВ,
“ISKO” қандолат корхонаси раҳбари:
— Кўргазма давомида асосий харидорлар араб давлатларидан бўлди. Улар маҳсулотларимизни шунчаки таътиб кўрмади, балки доимий ҳамкорлик таклифини билдирди. Ширинликларнинг таъми уларга жуда маъқул келди. Маҳсулотлар тури ва сифатидан ҳайратга тушганларини ҳам яширишмади. Ойига 70-80 тонна атрофида қандолат маҳсулотини барқарор олишларини айтишди. Бу бўйича қатор масалаларда келишиб олдик. Айни пайтда келишувларнинг иккинчи босқичи кетяпти ва нарх-наво ҳамда кейинги операциялар бўйича музокаралар олиб бориляпти.
Кўргазма давомида харидорларни, асосан, логистика ва сертификатлар масаласи қизиқтиришига гувоҳ бўлдик. Яъни маҳсулотларимизнинг таъми ва сифати борасида ҳеч қандай шубҳалари йўқ, жуда маъқул келяпти. Фақат етказиб бериш ва халқаро стандартларга мослик жиҳатлари музокараларни талаб қиляпти. Очиғи, олдинлари халқаро сертификатлар борасидаги камчиликларимиз сабаб Ўзбекистон фақат воситачи бўлган. Яъни иккинчи давлат биздан маҳсулот сотиб олиб, Европа бозорларига экспорт қилган. Кейинги йилларда юртимизда ана шу жиҳатларга эътибор қаратилиб, халқаро бозорга ҳар томонлама мослашишимиз ортидан бугун ўзимиз маҳсулотларни исталган бозорга тўғридан тўғри олиб киряпмиз.
Логистика йўналишидаги масалаларнинг ҳам бирин-кетин ечилаётгани экспортни қулайлаштиряпти. Масалан, араб ҳамкорларимизга маҳсулотларни контейнер орқали жўнатсак, арзонроқ тушиши ҳақида гаплашдик. Бундан олдинги кўргазмаларда ҳам салкам 1 миллион долларлик шартнома имзолаган эдик. Маҳсулотни экспорт қилиш, логистика ва бошқа масалаларда ҳеч қандай муаммо бўлмади. Яъни халқаро кўргазмалар ҳамкорлар топиш, экспортга чиқиш учун жуда қулай, айниқса, янги очилган корхоналар учун. Ўзимиздан мисол, ҳар бир мижоз билан тахминан йиллик 1-1,5 миллион долларлик шартнома имзоланади. Агар битта кўргазмада 3 та мижоз билан шартнома имзоласак, 3-4 миллион долларлик келишувга эришилади, дегани.
Корхонамиз 2007 йилдан бери фаолият кўрсатади ва ишни кичик ишлаб чиқариш цехидан бошлаганмиз. Ҳозир 2 та катта заводимизда 70 хилдан ортиқ қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ироқ, Иордания, Ливан, Фаластинга экспортни йўлга қўйганмиз. Яқин вақтларда БАА, Уммонга кириб боришни режалаштиряпмиз. Халқаро кўргазмаларда доимий иштирок этиш орқали ҳамкорларимиз сафини янада кенгайтириб боришни кўзлаганмиз.
Ироқ бозори тадбиркорларимиз учун очиқ
Авваллари Афғонистон, Ироқ бозори деса, тадбиркорларимизда қўрқув бўларди. Ҳозир уларга энг истиқболли, маҳсулотларга талаб юқори бўлган бозорлардан бири сифатида қараляпти. Маҳаллий ишбилармонларимиздан иборат делегация бир неча бор ушбу давлатларда бўлиб, доимий тарзда кўргазма, бизнес форумларда иштирок этяпти. Ҳатто ўтган йили ноябрь ойида Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги йирик савдо ҳудудида ўзбекистонлик электротехника йўналишидаги тадбиркорлар маҳсулотлари сотиладиган каттагина савдо маркази иш бошлади.
Шундай қилиб, тадбиркорларимизнинг навбатдаги сафари Ироқнинг Бағдод шаҳрига бўлди. Юртимиздан борган 200 дан ортиқ ишбилармон 1—7 февраль кунлари нуфузли “Baghdad International Fair” халқаро кўргазмасида иштирок этди. Ўзбекистон миллий экспозицияси учун минг квадрат метр майдон ажратилди. Павильонда юртимизда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат, тўқимачилик, енгил саноат, электротехника ва бошқа турдаги экспортбоп маҳсулотлар “Made in Uzbekistan” бренди остида намойиш этилди.
Маълумотларга кўра, мазкур нуфузли тадбир Ироқнинг энг йирик савдо платформаларидан бири бўлиб, ҳар йили дунёнинг 20 дан ортиқ давлатидан йирик компаниялар вакиллари қатнашади. Кўргазма халқаро бизнес алоқаларни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун муҳим майдон вазифасини ўтайди.
— 25 йилдан бери турли давлатлардаги озиқ-овқат кўргазмаларида қатнашиб келаман, — дейди экспортёр компания таъсисчиси Ботир Аҳмедов. — Ўн йил олдин бир давлатдаги жуда катта кўргазма майдонида армон, кўз ёши билан видео қилгандим: бу ерда бир қанча қўшни давлатлар вакиллари бор, лекин Ўзбекистон йўқ, дея. Мана, биз кутган ўша кунлар келди. Мамлакатимизда тўққиз йилдан бери шундай катта ислоҳотлар бўляптики, бугун тадбиркорларимиз энг йирик давлатлардаги кўргазмаларда бошқалар билан тенг равишда иштирок этяпти. Ана энди хурсандчилик кўз ёшлари билан видео олдим. Ҳар бир кўргазмада жуда катта шартномалар имзоланяпти. Ироқдаги кўргазмадан ҳам умидларимиз катта. Чунки харидорлар юқори қизиқиш билдирди, қатор таклифлар тушди. Энди музокараларни аниқ келишувларга айлантирамиз. Олдин бу давлат билан корхонамизнинг савдо алоқалари бўлмаган. Лекин бу бозорда имконият катта эканига гувоҳ бўлдик. Ҳатто Ироқда “Ўзбекистон” номи остида кичик дўкон очмоқчимиз.
Аҳамиятлиси, тадбиркорларимиз Ироққа тўғридан тўғри чартер рейс орқали етиб борган. 200 дан ортиқ тадбиркорнинг ҳар бири учун авиабилетлар, кўргазма майдонида иштирок этиш мутлақо бепул бўлиб, давлат томонидан қоплаб берилган. Мақсад эса миллий брендни оммалаштириб, экспорт ҳажмини оширишга қаратилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бу катта имконият эканини таъкидламоқда.
Ёрқин МАЛИКОВ,
Ўзбекистон экспортчилар уюшмаси раиси:
— Кўргазма кутганимиздан ҳам юқори даражада ўтди. Ироқ савдо вазири, иштирокчи давлатларнинг элчилари ҳамда кўргазманинг нуфузли меҳмонлари биринчи бўлиб “Made in Uzbekistan” миллий экспозицияси павильонига ташриф буюриб, фақат Ўзбекистонга фахрий иштирокчи мақомини берди. Вакилларимиз катта ҳурмат билан кутиб олингани ҳам ҳамкорликка ҳар икки томон очиқ эканидан далолат беради.
Ироқ бозорининг умумий савдо айланмаси 250 миллиард доллар бўлиб, шундан 95 миллиард доллари импорт ҳиссасига тўғри келади. Яъни экспорт учун катта бозор бор. Шу боис, биз озиқ-овқат йўналишининг ўзида 1 миллиард долларлик экспортни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Бошқа соҳаларда ҳам имкониятларимиз юқори.
Ироқ бозорида худди Афғонистонники каби маҳаллий маҳсулотларимизга талаб жуда катта. Асосий жиҳати, мамлакатда сертификатлар бўйича қатъий талаблар мавжуд эмас, бож тўловлари ҳам деярли йўқ. Ироқлик тадбиркорлар маҳсулотларимизга катта қизиқиш билдиряпти. Улар асосан Туркия, Эрон, Хитойдан импорт қилар экан. Ўзбекистон билан савдо қилишда ҳеч қандай қийинчиликлар йўқ. Логистика жиҳатидан ҳам жуда қулай, 7-8 кунда маҳсулот кириб боради. Бу бизнинг тадбиркорлар учун ҳам яхши имконият.
Умуман, ана шундай халқаро кўргазмалар жараёнида тадбиркорларимиз нафақат янги бозорларга чиқиб, ҳамкорлар топяпти, балки халқаро майдондаги савдо талаблари, янги тенденцияларни фаол ўрганиб, шунга мослашмоқда. Аммо мақсад фақат кўриб, ўрганиб келиш эмас. Ҳар бир тадбиркор аниқ мақсад билан кетади ва жараёнларда йирик суммалардаги шартномалар имзоланяпти. Бир мисол, ўтган йил давомида Ўзбекистондан жами 700 тадбиркор Афғонистондаги турли кўргазмаларга олиб борилди. Натижада ушбу мамлакатга экспорт ҳажмимиз 2024 йилдагига нисбатан деярли икки баравар ошиб, 1 миллиард 800 миллион долларга етди. Бошқа давлатлар билан ҳам шундай натижалар кузатиляпти.
***
Тадбиркорлардан сўрасам, халқаро кўргазмалар ҳақида тўлқинланиб, янги ҳамкорлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиряпти. Демак, экспорт кўрсаткичларимизни оширишга қаратилган бу ҳаракат ҳам яхшигина натижа бермоқда. Олдинда яна кўплаб халқаро кўргазмалар борлиги, тадбиркорларимиз аллақачон уларга тайёргарликни бошлаб юборганлари ҳақида айтишди.
Ирода ТОШМАТОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири