Мутахассислар таҳлилларига кўра, бундай қўнғироқлар оддий телефон орқали эмас, балки интернет ва махсус дастурлар орқали амалга оширилмоқда.

Маълум қилинишича, фирибгарлар махсус технологиялар орқали ўз рақамларини яшириб, телефон экранида исталган давлат рақамини кўрсатиши мумкин. Бу ҳолатда қўнғироқ ким томонидан ва қаердан амалга оширилганини аниқлаш анча қийинлашади. Чунки бундай рақамлар СИМ-картага боғлиқ бўлмайди ва вақтинчалик сохта рақамлар ҳисобланади.

Бундай қўнғироқлар абонентлар учун бир қатор хавфларни келтириб чиқаради. Хусусан, хорижий рақамларга қайта қўнғироқ қилинганда телефон балансидаги маблағ ечиб олиниши мумкин.

Шунингдек, фирибгарлар ўзларини турли ташкилот ходими сифатида таништириб, шахсий маълумотлар ва банк картаси кодларини билиб олишга уринади.

Гўшакни кўтариш рақамингизнинг фаол эканини билдиради ва бу кейинги фирибгарлик ҳужумлари сони ошишига олиб келади.

Бундан ташқари, овоз ёзиб олиниб, кейинчалик сунъий интеллект орқали сохталаштирилиши ва яқинларингизни алдаш учун ишлатилиши мумкин.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларга нотаниш ва шубҳали чет эл рақамларидан бўлаётган қўнғироқларга жавоб бермаслик, уларга қайта қўнғироқ қилмаслик, бундай рақамларни блоклаш ҳамда шахсий маълумотларни бегоналарга ошкор қилмасликни тавсия этди.