Ярим тун бўлишига қарамай, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида музаффар спортчиларимизни кутиб олиш учун Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси мутасаддилари, дзюдочиларимизнинг оила аъзолари, ёш дзюдочилар, кенг спорт жамоатчилиги ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳозир бўлишди.
Эслатиб ўтамиз, Тель-Авив “Катта Дубулға” турнирида дунёнинг 60та давлатидан жами 418 нафар дзюдочи медаллар ҳамда Токио-2020 Олимпиадаси йўлидаги муҳим рейтинг очколарини қўлга киритиш учун татамига чиқишди. Улар қаторида Ўзбекистон терма жамоасининг 11 нафар аъзоси ҳам ўз имкониятини синовдан ўтказди.
Дзюдочиларимиз Исроил турнирида 1та олтин ва 2та бронза медали билан якунда умумжамоа ҳисобида 60 давлат орасида 8-ўринни банд этди. Шарофиддин Болтабоев олтин медаль ва 1000 рейтинг очкосига эга бўлди. -60 кг вазн тоифасидаги беллашувларда юртимиз шарафини ҳимоя қилган Сардор Нуриллаев ва Муҳриддин Тиловов эса бронза медали ҳамда 500 рейтинг очкосини қўлга киритишди.
Энди бор эътибор 5-7 март кунлари пойтахтимиздаги муҳташам "Ҳумо Арена" муз саройида ўтказиладиган Тошкент "Катта Дубулға" турнирига қаратилади. Ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси ҳар бир вазн тоифасида 4 нафардан дзюдочи билан иштирок этади.


