Португалиянинг Алмада шаҳрида дзюдо бўйича Алмада Гран-приси бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси 81 мамлакат ичида умумжамоа ҳисобида учинчи ўринни қўлга киритди. Ҳамюртларимиз муросасиз кечган беллашувларда 2 та олтин медалга сазовор бўлди.
Йилнинг илк турнирида Жанубий Корея термаси 4 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медалларини жамғариб, умумжамоа ҳисобида ғалаба қозонди. 2 та олтин ва 1 та кумуш медалига сазовор бўлган мезбонлар иккинчи натижани қайд этишди.
Дастлаб, -66 килограмм вазн тоифасида Муҳриддин Тиловов, сўнг -73 килограммда Обидхон Нўмонов чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Ушбу ғалаба ҳамюртларимизга жаҳон рейтинги учун 700, Париж-2024 Олимпиадаси йўлида 350 очко тақдим қилди. Терма жамоамизнинг қолган иштирокчилари гарчи совриндорлар қаторидан жой олишмаган бўлсада, қимматли рейтинг очколарини жамғаришди.
Қайд этиш жоиз, 2022 йилги Алмада Гран-присида ҳам -73 килограмм вазн тоифасидаги баҳслар ўзбекистонлик дзюдочи Муроджон Йўлдошевнинг ғалабаси билан якунланган эди. Энди терма жамоамиз 4-5 февраль кунлари Париж шаҳрида ўтадиган “Катта дубулға” турнирида иштирок этади.