Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги “Ўзбекистон аккредитация маркази” Давлат корхонаси фаолиятига бағишланган “Мувофиқликни баҳолашдаги ижобий ўзгаришлар: аккредитация фаолияти мисолида” мавзусида ўтган матбуот анжуманида шу ҳақида сўз борди. Унда “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК директори Ансабхон Закиров ва стратегик ривожлантириш, менежмент тизимини қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Маҳмуд Ҳайруллаевлар спикер сифатида иштирок этиб, соҳада олиб борилаётган ишлар, 2021 йилнинг биринчи ярмида эришилган натижалар ва келгуси режалар ҳақида ОАВ ходимларига маълумот берди.
Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекистон аккредитация маркази” ДК томонидан Халқаро лабораторияларни аккредитация қилиш ҳамкорлиги (ILAC) ва Халқаро аккредитация форуми (IAF) халқаро ташкилотлари аъзолигига эришилган. Ҳозирги кунда Марказ ILAC муҳбир аъзоси, IAFнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. Аммо бу ташкилотларга кириш ва уларнинг услубий талабларини бажаришдан ташқари, кўптомонлама тан олиш битимларини имзолаш муҳим. Ушбу ташкилотлар доирасида иккита алоҳида халқаро битимлар мавжуд, уларни имзолаш орқали барча миллий аккредитация органлари, яъни, битим иштирокчилари бўлган давлатлар бир-бирларининг аккредитация ва мувофиқликни баҳолаш натижаларини тан оладилар.
Туркия Республикаси Ҳалол Аккредитация агентлиги (HAK), Польша аккредитация маркази (PCA) билан икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан халқаро шартномалар имзоланди.
Аккредитация хизматларини кўрсатишда мижоз билан тўғридан-тўғри алоқа қилиш ҳолатларини янада қисқартириш, хизматларни Бизнес жараёнларини реинжинирингига (BPR) ўтказиш йўли билан янада оптималлаштириш бўйича “E-accreditation” миллий ахборот-дастурий таъминотини амалиётга жорий этиш ишлари якунланмоқда ва сентябр ойида ушбу тизим ишга туширилади. Натижада, аккредитация жараёнларини амалга оширилишида очиқликни таъминлаш, аккредитация бўйича буюртмаларни “онлайн” қабул қилиш, хизматлар нархини хисоблашда холислик ва очиқликни таъминлаш имконияти яратилади.
Жумладан, тизимда Фармон ва Қарор ижроси юзасидан ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида “хабардор қилиш” вазифаси бўйича 4 та синов лабораториялари ва 2 та сертификатлаш органи Марказни хабардор қилиши учун имконият яратилади. “Мажбурий аттестацияни бекор қилиш бўйича” 596 нафар эксперт-аудиторлар ва 6152 нафар сертификатланган ходимлар учун мажбурий сертификатлаштириш талаби бекор қилинади. Мувофиқликни баҳолашдаги ташқи кўрикни ўтказиш учун аккредитация олиш талаби бекор қилиниши натижасида эса 268 та лабораторияда ўртача 52 тадан кўрсаткич қисқартирилади. Бу эса аккредитация олиш учун сарфланадиган маблағнинг иқтисод қилиниб, 1,26 млрд сўм лаборатория ихтиёрида қолишига замин яратади. Монополияга чек қўйилиши натижасида эса туризм, уруғчилик, экология ва дори воситалари йўналишларида ўзаро тенг шароитдаги рақобат платформаси яратилади.