Кеча кўҳна қитъада Европа Чемпионлар лигаси иккинчи тур ўйинлари бошланди. Турнинг асосий учрашувларидан бири Германияда бўлиб ўтди. Мюнхенда “Бавария” “Барселона”ни қабул қилди. Қизғин курашлар остида ўтган баҳсда немислар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Жорий йилда “Бавария”дан “Барселона”га ўтган Роберт Левандовски ҳам Испания клубига ёрдам бера олмади.

Ўйиндан сўнг “Барселона” бош мураббийи Хави “Marca” нашри мухбирига ўйин ҳақидаги ўз фикрларини билдирди:

“Биз “Бавария”дан яхшироқ эдик, — деди у. — Рақибни ҳаддан ташқари кўп кечирдик, аммо улар бизни кечирмадилар – фарқ шунда. Бизда олти-еттита голли вазиятлар бўлди, аммо тўп киритишнинг уддасидан чиқа олмадик.

Биринчи бўлим бутунлай биз устунликка эришдик. Натижа беллашувда нима бўлганини акс эттирмайди. Лекин бу – Чемпионлар лигаси. Агар рақибни кечирсанг, бунинг учун товон тўлайсан...”

Иккинчи турнинг қолган ўйинлари қуйидаги натижалар билан тугади:

“Виктория” Пльзень – “Интер” 0:2

“Спортинг” – “Тоттенҳэм” 2:0

“Байер” – “Атлетико” 2:0

“Ливерпуль” – “Аякс” 2:1

“Марсель” – “Айнтрахт” 0:1

“Порту” – “Брюгге” 0:4