Газ тўлдириш шохобчасининг ойлик қуввати 500 тоннани ташкил этиб, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Чиноз, Янгийўл, Қуйи Чирчиқ, Бекобод, Пискент туманлари ва Бекобод шаҳарлари аҳолисига суюлтирилган газ етказиб беради.
Авваллари суюлтирилган газ истеъмолчиларга уйма-уй эмас балки, газ хўжалиги қоидаларига зид равишда, турли нархларда «бункерлар» томонидан етказиб берилар эди. Натижада эса кимдир керагидан ортиқ газ баллонларини олиб, фойдаланса, кимдир умуман харид қилолмасди. Суюлтирилган газни истеъмолчиларга етказиб беришда автоматлаштирилган тизимнинг жорий этилиши ва бу борада амалга оширилган ишлар самарасида мавжуд муаммоларга ечим топилди.
Истеъмолчи ва газ баллонлари рўйхати шакллантирилган “EGaz” дастурининг ишлаб чиқилиб, истеъмолчиларга ID-карталар тарқатилиши ва улар фойдаланадиган газ баллонларига бар-кодли стикерлар ўрнатилиши, маҳсулотни керакли манзилга ўз вақтида етиб боришини таъминлаб берди.
ID-карталар орқали фойдаланувчи тўловни ўзига қулай вақтда ва белгиланган суммада амалга оширади. Бир баллон суюлтирилган газнинг соф ҳажми — 20 килограмм (идиш оғирлигидан ташқари) ҳамда унинг нархи 22 минг 400 сўмни ташкил қилади. ID-карталар орқали соҳада шаффофлик таъминланиб, ортиқча харажатларга чек қўйилади.
Бар-кодли стикерлар эса қайси газ баллон истеъмолчи фойдаланишида, қайси бири шохобчада эканини аниқлаш имконини бериб, ўз эгасидан бошқанинг фойдаланишига, яъни талон-тарожликка йўл бермайди.
Феруза Жўраева