Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал вазифасини баджармоқда.

Навоий вилоятида ҳам бу борада қатор ишлар амалга оширилиб, хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини тизимли ўрганиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида жойларда “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтар”лари ташкил этилиб, уларнинг муаммолари ўрганиб келинмоқда.

Жумладан, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими ҳузурида ташкил этилган “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан ижтимоий дафтарларга киритилган фуқароларга ҳар томонлама моддий ва маънавий кўмак кўрсатилмоқда.

Навоий вилоят ҳокимининг 2021 йил 8 августдаги қарорига асосан уйда ўтирган, ишсиз хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг оилавий даромадларини ошириш ҳамда уларга тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун шароит яратиш мақсадида туман, шаҳарлар секторлар кесимида ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган 2494 нафар хотин-қизлар руйхатлари шакллантирилди, уларнинг ҳар бирига 20 бош парранда ва бир ойлик еми билан таъминлашга қарор қилинди.

Натижада“KARMANA GOLDEN EGGS” МЧЖ билан Қизилтепа туманига 12 минг 880 бош, Хатирчи туманига 7 минг 340, Кармана туманига 5 минг 980, Нурота туманига 4 минг 360 бош, Конимех туманига 4 минг, Учқудуқ туманига 780, Навбаҳор туманида 5 минг 280, Томди туманига 540, Зарашон, Ғозғон ва Навоий шаҳрига 5 минг 700 бош, жами 46 минг 860 бош парранда хариди учун шартномалар тузилди.

Ҳозирда 25 минг 30 бош парранда эҳтиёжманд аёлларга тарқатилди. Айни пайтда бу хайрли иш давом этмоқда.

Дилдора БАРАТОВА,

“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навоий вилоят бўлими бошқаруви мутахассиси