Хоразм вилояти Янгибозор туманидаги "Рўзимбой Болтабика" фермер хўжалиги Янгибозор "Текстил агрокластер" масъулияти чекланган жамияти билан ўзаро шартнома тузган. Унга кўра, 2021 йилнинг июль–ноябр ойларида фермер хўжалиги пахта даласида бажариладиган техника хизмати ва механизаторларнинг иш ҳақи келишиб олинган. Аммо бугунгача фермер хўжалиги ишчилари бир неча бор мурожаат қилишларига қарамай, "Текстил агрокластер" масъулияти чекланган жамияти уларнинг ойлик маошини бермаган. Бундан норози ишчилар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Истеъмолчиларнинг мурожаати белгиланган тартибда ўрганилиши натижасида механизаторларга иш ҳақи сифатида 24 355 850 сўм берилиши лозимлиги аниқланди. Ҳар икки томонга ҳуқуқий маслаҳат берилди. Натижада механизаторларнинг 4 нафарига 11 100.000 сўм иш ҳақи ундириб берилди. Қолган ойлик маоши ҳам қисқа фурсатда берилишига келишиб олинди.

Янгибозор туманидан яна бир истеъмолчи Мурод Казаков истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган. Айтишича, фуқаро Гурлан туманидаги “Юлдош” хусусий корхонаси сотувчисидан LG-18 русумли кондиционер харид қилган. Буни қарангки, сотувчи содда харидорни алдаб, LG-18 ўрнига Шиваки-12 русумли кондиционерни бериб юборган.

Фуқаро уйига бориб, ҳаво совиткич қутисини очгач, алданганини билиб, маҳсулотни сотган корхонага мурожаат қилган. Унинг талаби қондирилмагач, танишларининг таклифи билан туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилган.

Мурод Казаковнинг аризаси ижобий ҳал этилиб, унга янги LG-18 русумли ҳаво совиткич етказиб берилди.