Бугун Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимиздаги миссияси якунланиши муносабати билан Европа Иттифоқи Делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайсни қабул қилди, дея хабар беради “Дунё” ахборот агентлиги.
Учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар бўлажак қўшма тадбирлар жадвалини, шу жумладан, Марказий Осиё минтақасининг ўзаро боғлиқлиги ва барқарор ривожланишига бағишланган “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё” вазирлар конференциясини ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Шунингдек, савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг муҳим аҳамияти, Европа Иттифоқининг иқтисодиёт, фан ва маданият, шунингдек, таълим соҳаларини рақамлаштириш борасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган амалий муаммоларни ҳал қилиш борасидаги инвестиция лойиҳалари ва дастурларини амалга оширишдаги ишктирокига урғу берилди. 2019 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 4 миллиард АҚШ долларини ташкил қилиши керак.
Суҳбат сўнгида вазир ЕИ Делегацияси раҳбарига самарали фаолияти ва Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирди.
Эдуардс Стипрайс ҳам Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари сифатида фаолиятини амалга оширишда кўрсатган ҳар томонлама ёрдами учун Абдулазиз Комиловдан мамнун эканлигини таъкидлади.