Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, РХДУ ҳамда «World Skills Russia» ўртасида имзоланган уч томонлама меморандум доирасида Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳридаги Урал архитектура ва тадбиркорлик коллежида ўқув курсини тугатиб, якуний имтиҳонларни муваффақиятли топширган бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига ўқув муассасасининг дипломлари топширилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси томонидан ташкил этилган диплом топшириш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги бош консули А.Хатамов, Свердловск вилояти Таълим ва ёшлар сиёсати вазирлиги департамент раҳбари А.Шавалиев ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида 13 нафар юртдошимиз коллеждаги сўнгги технологиялар билан таништирилиб, уларга шаҳодатнома ва «World skills» стандартлари асосида ўқиганликни тасдиқловчи ва малака даражасини кўрсатувчи «Skills passport» (малака паспорти) берилди.

Эндиликда мутахассислик сертификатига эга бўлган юртдошларимиз ушбу йўналишда расмий меҳнат қилиш имкониятига эга бўлади, деб хабар беради Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги матбуот хизмати.