ZOOM платформаси орқали ташкил этилган йиғилишни Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев бошқарди. Унда секторлар раҳбарлари, тегишли бошқарма ва ташкилотлар, таъминотчи корхоналар масъуллари, агрокластерлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари қатнашди.

Мулоқотда чигит экишни сифатли амалга ошириш учун отрядларга бириктирилган барча техникалар, агрегатлар ва экиш сеялкаларини далага олиб чиқиб, тупроқ етилган майдонларда зудлик билан амалий ишларни жадаллаштириш кераклиги таъкидланди.

Йиғилишда майдонларни гектарига камида 250 кгдан фосфорли, 100 кгдан калийли ва 100-150 кгдан азотли минерал ўғитлар билан тўйинтириш, минерал ўғитсиз чигит экилишига йўл қўймаслик лозимлигига эътибор қаратилди.

— Баракали хирмоннинг замини ҳозирдан пухта бўлиши керак. Бу йилдан бошлаб уруғ экишга тайёрланган ва чигит экиб бўлинган майдонларни сертификат асосида қабул қилиб олиш тизимини жорий этамиз, — деди Зойир Мирзаев.

Март ойида одатдагидан кўп ёғингарчилик кузатилгани, дала ишларини ташкил этишда бироз вақт йўқотилганидан келиб чиқиб, баҳорнинг очиқ об-ҳаволи кунларидан самарали фойдаланиб, ишни тизимли олиб бориш юзасидан туман ҳокимларига алоҳида топшириқ ва тавсиялар берилди. Жойлардан масъулларнинг масалага доир ҳисоботлари эшитилди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги

Ахборот хизмати