Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Тадбир Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилади ва 10 майгача давом этади.
Тадбир «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунлар ижросини таъминлаш, фойдаланишда бўлган автотранспорт воситаларининг экологик ҳолатини назорат қилиш мақсадида икки босқичда бўлиб ўтади. Биринчи босқич 10 апрелдан 10 майгача, иккинчи босқич эса 10 августдан 10 сентябргача ташкил этилади (Тошкент шаҳрида 10 сентябрдан 10 октябргача).
«Тоза ҳаво» ойлиги давомида мунтазам ЙПХ масканларида, мажбурий техник кўрикдан ўтказишда ҳамда кўчаларда ҳаракатланаётган автотранспорт воситалари текширилади.
Таъкидланишича, экологик носоз деб топилган автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 87- ва 125-моддаларига кўра чора кўрилади. Шунингдек, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига асосан, автотранспорт воситаларидан носозлиги бартараф этилгунга қадар фойдаланиш тақиқланади.