— Охирги пайтда биз долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотларини эшитиб боришга алоҳида эътибор беряпмиз. Ўтган галги мажлисимизда дарахтларнинг ноқонуний кесилиши бўйича Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ахбороти танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, қўмита фаолияти қониқарсиз деб топилган эди.
Хабарингиз бор, ушбу масала давлатимиз раҳбари ҳузуридаги видеоселектор йиғилишида ҳам танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, дарахтлар кесилишига жорий қилинган мораторий муддати 2024 йилга қадар узайтирилиши ва жавобгарлик кескин кучайтирилиши таъкидланди.
Шундай экан, бу борада ҳаммамиз масъулиятни кучайтириб, натижага ишлашимиз керак. Экология соҳасида жавобгарликни кучайтириш нуқтаи назаридан амалдаги қонунлар қайта кўриб чиқилади.
Атроф-муҳит муҳофазаси, хусусан дарахтларни асраш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби қатор йўналишларда ҳудудий мутасаддиларнинг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш орқали уларнинг фаолиятига баҳо бериш (керак бўлса лавозимдан четлаштириш) мақсадга мувофиқ.