Видеоконференцалоқа тарзда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни нормалари талабларининг бажарилиши ҳамда давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 апрелдаги “2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳудудларнинг санитария ва экологик ҳолатини яхшилаш соҳасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Икки босқичда амалга ошириладиган мазкур ҳужжатдаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида юртимизда аҳолининг санитария хавфсизлиги ва атроф муҳит муҳофазасини таъминловчи ва кафолатловчи чиқиндиларни бошқаришнинг мукаммал тизимини яратиш назарда тутилган.

Жойларда олиб борилган ўрганишлар ва олинган маълумотларга асосан мазкур қарор ижросига маъсул бўлган давлат органи томонидан бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида махсус техникалар харид килиган. Шунингдек, 2019 йилда 46 та автопарк куриш ишлари амалга оширилган бўлса, 2020 йилда эса, ҳудудий “Тоза худуд” ДУКнинг 40 та маъмурий бино ва автопаркларида қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилган. 2019 йилда 29 та, 2020 йилда эса, 35 та модуль типидаги чиқинди йиғиш шохобчаси, 49 та ер ости контейнери ҳамда 1 166 та чиқинди контейнери белгиланган жойларга ўрнатилган.

Қарор ижроси юзасидан санитария ва экологик талабларга жавоб бермайдиган 24 та маиший чикинди полигонларининг фаолияти тўхтатилиб, рекультивация қилиш ишлари олиб борилган. Шунингдек, аҳолининг санитария-экологик ва хуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган ахборот компанияси ҳамда аҳолининг чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги билим даражасини ошириш бўйича қатор амалий ишлар қилинди.

Ўрганишлар мазкур ҳужжат ижросини таъминлашда амалга оширилган ишлар билан бирга ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Эшитувда бугунги кунда ҳудудларда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ҳосил қилинаётган маиший чиқиндиларни олиб чиқиш қамрови бир мунча паст даражани ташкил қилганлиги сабабли ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлаётгани, “Тоза ҳудуд” ДУК филиаллари моддий-техник базаси янада такомиллаштирилишга муҳтожлиги ҳамда кўплаб худудларда чиқиндилар фақатгина кўмиш йўли билан йўқотилаётгани депутатларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Шунингдек, чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасига хусусий сектор вакилларини жалб қилиш ишлар суст олиб борилаётгани танқид қилинди.

Тадбирда қарорда белгиланган вазифаларни тўлиқ амалга оширишда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси олдида турган долзарб вазифалар, истиқболдаги режалар юзасидан танқидий-таҳлилий ишлар муҳокама қилиниб, белгиланган чора-тадбирларни самарали амалга ошириш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Шунингдек, мазкур соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси аъзолари томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда тайёрланган Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси муҳокама қилиниб, лойиҳа юзасидан тегишли таклифлар билдирилди.

Эшитувда кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.