Президентимизнинг мамлакатимиз тарихида илк бор ўтказган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги учрашувида бизнес соҳасига доир муаммо ва камчиликлар ҳақида батафсил гаплашиб олинди. Шу боис ҳам ишбилармонларнинг йиллар давомида интиқиб кутган мазкур юзма-юз суҳбати чинакам мулоқот платформасига айланди. Қолаверса, унга ҳозирлик жараёнининг ўзида 15 мингдан ортиқ савол, таклиф ва ташаббусларнинг тушгани, уларнинг кўпчилиги ўз жойида ҳал этилгани нечоғлик катта иқтисодий-ижтимоий аҳамият касб этганини яққол кўрсатиб турибди.

Давлатимиз раҳбарининг экспортёр корхоналарни қўллаб-қувватлаш, янги бозорларга чиқишни рағбатлантириш ва уларга кўрсатилаётган транспорт харажатлари қоплашни янада ошириш юзасидан билдирган таклифлари бошқа тадбиркорлар қатори мени ҳам қувонтирди. Тўғри, айни кезда ҳам бундай хизматларни қисман қоплаш, юкларни божхона орқали ўтказиш  бўйича янги тизим йўлга қўйилган. Хусусан, йил бошидан буён 3 мингдан зиёд экспортёрларга 200 миллард сўмдан зиёд молиявий ёрдам кўрсатилиши туфайли улар томонидан қарийб 800 миллион долларлик экспорт амлга оширилди. Учрашувда йил якунига қадар бу миқдорни икки миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Мулоқот чоғида бошқа тадбиркорлар қатори мен ҳам Президентимизга бевосита ўз таклифларимни билдириш имкониятига эга бўлдим. Корхонамиз 20 йилдан зиёд вақт мобайнида эркаклар костюмлари, пиджаклар, шим ва пальтолар, шунингдек, махсус курткалар тайёрлаш ва уларнинг улгуржи савдоси билан шуғулланиб келади.

Тўқимачилик саноатида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини беряпти. Масалан, корхонамизда 2015 йилда 100 киши иш билан таъминланган бўлса, сўнги бир ярим йилда пандемия шароитига қарамай, улар сони 500 нафарга етди. Авваллари маҳсулотларимиз экспорти 200 минг доллар атрофида бўлса, эндиликда унинг ҳажми 4,5 миллион еврони ташкил этяпти. Улар Германия, Австрия, Испания, Польша, Англия, Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилинмоқда.

Жорий йил апрель ойи бошидан  мамлакатимизда Европа Иттифоқининг GSP+ тизими преференциялари амал қила бошлаши туфайли экспортимиз географиясини кенгайтиришга муваффақ бўлдик. Бу бизга Европа бозорига киришда 12 фоизгача имтиёз бериб келяпти. Бироқ, транспорт тарифларининг юқорилиги бу бозордаги рақобатда катта муаммо туғдириб келаётган эди.

Шу фикрларни билдириб, ўз маҳсулотларини экспорт қилувчиларга транспорт харажатларини компенсация қилиш учун 50 фоиз миқдорда қўшимча имтиёз тақдим этиш таклифини илгари сурдим.

Президентимиз ушбу таклифни қўллаб-қувватлади ва бошланишига 1 йил муддатга транспорт харажатларини қоплаш учун имтиёзларни 50 фоизгача ошириш бўйича мутассадди раҳбарларга топшириқ берди. Бу ўзгариш нафақат тўқимачилик саноати соҳасидаги тадбиркорларга, балки юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқарувчи барча ишлаб чиқарувчиларга татбиқ этиладиган бўлди. Корхоналарга экспортдан валюта тушумини кутмасдан қўшилган қиймат солиғини қайтариб бериш тартибининг эндиликда барча тармоқларнинг ҳалол ва интизомли экспортёрларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши улар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Анна ДОБРИХ,

Наманган вилоятидаги “Iftihor kiyim sanoat” МЧЖ раҳбари,

Олий Мажлис Сенати аъзоси