Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Экстремал ва тоғ туризми федерацияси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида экстремал туризм бўйича ёшлар фестивали ташкил этилди.

Мамлакатимизда экстремал туризмни ривожлантириш орқали соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида уюштирилган ушбу фестиваль доирасида экстремал спортнинг тоғ чанғиси ва сновборд йўналишлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Мазкур фестивалда қишки спортнинг чанғида учиш ва сновборд турлари бўйича 100 нафарга яқин 7-30 ёшгача бўлган мамлакатимиз ёшлари (ўғил болалар ва қиз болалар ўртасида) ўзаро беллашдилар.

Шунингдек, фестиваль якунида чанғида учиш ва сновборд спорт турлари бўйича ёш тоифасига қараб аниқланган ғолиблар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирувчи совғалар, медаль ва дипломлар билан тақдирландилар.