Жамғарма Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, жумладан, космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаштириш, сунъий интелект соҳаларида атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа йўналишларида, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва бошқа аграр соҳанинг муҳим тармоқларида 350 ўринга мўлжалланган очиқ стипендия танловларини эълон қилгани ҳақида eyuf.uz сйти орқали хабар қилди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида иқтидорли ва истиқболли ёшлар учун бениҳоя улкан имконият, яъни 2021 йилдан бошлаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали илк бор бакалавр дастурига стипендиялар ажратилиши, шунингдек, магистратура ва докторантура дастурлари орқали энг нуфузли хорижий давлатларда таҳсил олиш учун стипендиялар миқдорини 5 баробарга ошириш таклифи илгари сурилган эди. Шу мақсадда Жамғарма мамлакатимизнинг инновацион салоҳиятини янада ривожлантиришни мақсад қилган креатив фикрлайдиган ёшлар, истеъдодли профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар ва илмий тадқиқотчилар, педагог ва мутахассислар учун стипендия танловини эълон қилди.
Унда Жамғарма 2021-2022 ўқув йили учун энг нуфузли хорижий давлатларда:
- бакалавриат таълим дастури учун 100 нафар;
- магистратура таълим дастури учун 150 нафар;
- докторантура таълим дастури учун 100 нафарстипендиялар ажратишини маълум қилади.
Номзодларнинг ҳужжатлари 2021 йил 1 апрелдан 1 майга қадар, республиканинг барча ҳудудлари вакиллари учун ягона тартиб ва тенг имконият асосида, онлайн режимда ва электрон тарзда қабул қилинади. Саралаш босқичлари 2021 йил 1 майдан 20 майга қадар давом этади.
Саралаш танловига оид барча маълумотлар “Эл-юрт умиди” жамғармасининг www.eyuf.uz сайти орқали батафсил эълон қилиб борилади.