Мамлакатимизда сўнгги беш йилда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кўлами, шиддати ва кенг қамрови билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сиёсатчи ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани тилга олмоқда. Бундай эътироф ҳеч муболағасиз юртимиздаги шиддатли ўзгаришларга берилган муносиб баҳодир.

Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқига қилган Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналишига устувор аҳамият қаратилиб, уларни жадал ривожлантирилишини таъкидлаган эди. Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илк маротаба бакалавриатга 100 ўрин, магистратура ва докторантурага эса олдинги йилларга нисбатан 5 баробар кўп ўрин ажратиш ташаббуси эълон қилинди.

  2018-2020 йиллар мобайнида жами 1002 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшларимиз “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати деган юксак мақомга эга бўлишди. Стипендиантларнинг барчаси Жамғарма томонидан хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди.

 Стипендиатлар дунёнинг жами 40 га яқин давлатларида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг 240 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олишиб, бугунги кунда 955 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб турли соҳаларда, хусусан таълим, илмий тадқиқотлар, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларда самарали фаолият олиб бормоқдалар.