Учрашувдан мақсад мазкур университет билан ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, жамғарма стипендия танловларида иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган стипендиатларни университетда таълим олишини ташкил этиш, улар учун ўқиш харажатларида чегирмалар қилинишига эришиш. Шунингдек, бугунги кунда таълим олаётган стипендиатларни ўқиш мониторингини ўрганиш, уларнинг ўқиши учун барча шароитларни яратиш кўзда тутилган.

Колорадо штати университети 1870 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда халқаро тан олинган университетлар ичида 140 ўринда туради. Мазкур университетда 35 000 мингга яқин талаба таҳсил олади. Университет қишлоқ хўжалиги, ветеринария, юқумли касалликлар, муҳандислик, иқтисодиёт ва бизнес бошқаруви, IТ технологиялари, журналистика, қурилишни бошқариш каби устувор соҳаларда мутахассислар тайёрлашда етакчи университет ҳисобланади.

Учрашувда Ўзбекистон томонидан мазкур университетда 2022 йилдан бошлаб жамғарманинг барча дастурлари асосида таълим оладиган стипендиатлар учун ўқиш харажатларида чегирмалар бериш, шунингдек, қисқа муддатли икки ҳафтадан бир ойгача бўлган муддатда давлат хизматчиларини стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш юзасидан таклифлар киритилди. Колорадо штати университети раҳбарияти мазкур таклифларни қўллаб-қувватлаган ҳолда ушбу йўналишларда жамғарма билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини муҳокама қилган ҳолда жорий йилдан бошлаб жамғарманинг барча таълим дастурлари асосида таълим оладиган стипендиатларнинг ҳар бирининг ўқиш харажатлари учун 20 фоиздан чегирмалар бериш юзасидан келишувга эришилди. Шунингдек, икки ҳафтадан бир ойгача бўлган муддатларда давлат хизматчиларини стажировка ўтиш дастурларини ташкил этиш юзасидан билдирилган таклифлар қўллаб-қувватланди.
Учрашув якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифлар ўрин олган икки томонлама ҳамкорлик ўрнатишга доир англашув меморандуми имзоланди.