Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхонаси вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида университет раҳбарияти билан боғланди.
Олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонлик талабалар жорий йил сентябр ойидан бошлаб тил курсида ўқишни бошлаган. Талабалар ўқишни бошлаш арафасида университет раҳбарияти томонидан уларга тушунтириш ишлари олиб борилиб, мазкур олий таълим муассасасида ўқиш ва ётоқхонасида истиқомат қилиш билан боғлиқ тартиб-қоидалар тушунтирилган. Бундан ташқари, талабалар Жанубий Кореяда бўлиш қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга чақирилган.
Шунга қарамасдан, ўқиш бошланиши билан Ўзбекистонлик талабалар орасида университет ички тартиб-қоидаларига амал қилмаслик, Корея Республикаси иммиграция қоидаларига мувофиқ университет томонидан сўралган ҳужжатларни тақдим этмаслик, рухсатсиз ва ноқонуний меҳнат фаолиятини юритиш ва бунинг оқибатида дарсларга қатнашмаслик ҳоллари кескин кўпайган.
Ушбу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида университет маъмурияти талаби бўйича талабаларга нисбатан интизомий чора кўрилган ва барча талабалардан 2023 йил 8 ноябр куни ушбу таълим маскани қоидаларига амал қилиш бўйича мажбурият хати олинган.
Университет маъмурияти талаба юртдошларимизга Корея Республикасида яшаш қонун-қоидаларини ва олий таълим муассасаси ички тартибини бузмасликлари, бундай ҳолат яна такрорланса, талабаларга нисбатан қатъий чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирилган.
Лекин кўрилган чораларга қарамасдан, талабалар томонидан қоидаларни бузиш ҳолатлари давом этаверган.
Хусусан, университетда таҳсил олаётган 8 нафар талаба 2023 йил 14 ноябр куни ноқонуний равишда ишлаб, ишдан қайтаётган вақтда автомашинада автоҳалокатга учраган. Оқибатда ушбу ҳодиса Корея матбуоти ва ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Автоҳалокат натижасида жабр кўрган талабаларнинг тиббий суғуртаси бўлмаганлигига қарамасдан, уларнинг тиббий кўриги ва муолажалари учун керак бўлган барча харажатлар университет ҳисобидан қоплаган.
Кореяда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат (ID карта) олишга улгурмасдан бу каби ноқонуний хатти-ҳаракатларни амалга оширгани учун Пёнгтек шаҳар Иммиграция хизмати тақдимномасига кўра университет раҳбарияти талабаларни университетдан четлатиш бўйича қарор қабул қилган.
Натижада жорий йилнинг 27 ноябр куни 22 нафар ўзбекистонлик талаба Корея Республикаси ҳудудидан чиқариб юборилган.
Ўзбекистонлик талабалар томонидан амалга оширилган бундай хатти-ҳаракатлар Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси томонидан Ўзбекистон фуқароларига виза бериш тартибини мураккаблаштириб, ўзбекистонлик талабаларнинг Корея оилй таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнини қийинлаштириши мумкин.
Айни пайтда Ўзбекистон Республикасининг Корея Республикасидаги Элчихонаси ўзбекистонлик талабаларнинг Ҳаншин университети томонидан мажбуран чиқариб юборилганлиги ҳолатининг қонунийлигини аниқлаш борасида Корея ҳуқуқ-тартибот идоралари билан музокаралар олиб бормоқда.
Шу ўринда, Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги Элчихонаси яна бир бор ушбу мамлакат ҳудудида таҳсил олаётган, иш фаолияти билан шуғулланаётган, вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларимизга мурожаат қилиб, Корея Республикасида бўлиш қонун-қоидаларига қатъий риоя қилишга, ноқонуний фаолият билан шуғулланмасликка, ҳужжациз автомобил воситаларини бошқаришдан сақланишга чақиради.