“Женоа”нинг янги мураббийи Давиде Баллардини Элдор Шомуродовни жамоадаги бошқа ҳужумчилардан кам эмаслигини тан олган ҳолда уни бошланғич таркибда майдонга туширди.
Гарчи учрашувда генуяликлар мезбонларга муносиб қаршилик кўрсатишган бўлса-да, “Сассуоло” жамоаси 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 52-дақиқасида “Сассуоло” аъзоси Жереми Бога ҳисобни очган бўлса, орадан 12 дақиқа ўтиб, Элдор Шомуродов Паоло Гильоне узатган тўпни ўзиники қилди. Ҳаводаги курашда рақиб ҳимоячисини енгиб, боши билан тўпни дарвоза тўрига жойлади.
Бу ўзбек ҳужумчисининг А Сериядаги иккинчи голи бўлди. Ўйин якунланишига бир неча дақиқа қолганида Жакомо Распадори “Сассуоло”га қимматли уч очкони келтирган голни урди – 2:1.
Гарчи “Женоа” дуранг натижани ушлаб қололмаган бўлса-да, Элдор Шомуродовга “Whoscored” томонидан энг юқори – 7,8 балл берилди. Иккинчи кўрсаткич соҳиби – “Сассуоло” футболчиси Мануэль Локателли 7,5 балл билан баҳоланди.
Эслатиб ўтамиз, “Женоа” клуби навбатдаги учрашувни 9 январь куни ўз майдонида “Болонья”га қарши ўтказади.