Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти тадқиқотчилари томонидан электр энергетикаси соҳасини ислоҳ қилишнинг Арманистон тажрибаси ўрганилди.
Маълум бўлишича, 1990-1999 йилларда Арманистонда энергетика тизими молиявий тарафдан заиф, лекин ҳукмрон мавқега эга монополист компания қўлида эди. 1995 йилга келиб электр энергиясини ишлаб чиқариш учун ажратилган субсидиялар ЯИМнинг 11 фоизидан ортиб кетди. Бу эса энергетика тизими ислоҳотларга муҳтожлигидан дарак берарди.
Ислоҳотлар жараёнида эса электр энергиясини ишлаб чиқаришда гидроэнергетиканинг роли кучайтирилди. Нархлар эркинлаштирилди ва бу чора бюджет тақчиллигини 21 фоиздан (1994) 3 фоизгача (2000) қисқартиришда ёрдам берди. Электр энергияси харажатларини қоплаш учун бюджет маблағлари етарли бўлмагани сабабли электр компаниялари банкдан олинган қарз ҳисобига молиялаштирилди. Ҳисоблагичларнинг бузилиши ва нотўғри маълумот берилишининг олдини олиш учун улар турар жой биноларидан коммунал йўлакларга ўтказилди. Энергия назоратчилари томонидан нақд пул йиғилиши бекор қилинди ва бу чора коррупция хавфини камайтирди. Жамоатчилик орасида электр ҳақини ўз вақтида тўлаш бўйича тарғибот ишлари олиб борилди ва электр энергияси таъминотидаги тез-тез узилишлар қисқарди. Энергетика тизимига хусусий сектор жалб қилинди. Бу эса электр энергияси ялпи таклифида хусусий секторнинг улушини 30 фоиздан (1996) 90 фоизга (2010) оширди. Кам таъминланган истеъмолчилар, энергетика тизими ходимлари ва ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли тарифлар жорий қилинди. “Икки тарифли” ставка йўлга қўйилди. Бу эса уй хўжаликларига имтиёзли тунги тарифдан фойдаланиш имконини берди. Қолаверса, генераторлар ва трансформаторларга тушадиган зўриқишни камайтирди.
Электр энергетикаси соҳасидаги ислоҳотлар фискал юкни барқарорлаштириш ҳамда бюджет харажатларининг самарасиз сарфланишига чек қўйди. Бунинг натижасида бюджет тақчиллиги кескин қисқарди. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш натижасида инфляция 1994 йилдаги 5 000 фоиздан 1998 йилга келиб, бир хонали рақамгача пасайди. 1995–1999 йилларда Арманистондаги иқтисодий ўсиш ўртача 5,5 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилга келиб, 7.2 фоизга етди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш ўринлики, нархларнинг оширилиши ва электр энергетикаси тизимидаги ислоҳотлар натижасида энергетика тизимида жиддий таркибий ўзгаришлар амалга оширилди. Натижада электр энергиясидан тежамкорлик билан фойдаланиш даражаси бир неча баробар ўсди. Кам таъминланган аҳоли учун енгиллаштирувчи энергия тарифларини қўллаш ислоҳотларни қўллаб-қувватлашни кучайтирди. Ижтимоий ҳимоя тизимининг мақсадли йўналишини яхшилаш учун синовдан ўтган нақд пул ўтказмалари дастури жорий этилди. Тўлов қобилияти 1996 йилдаги 40 фоиздан 2003 йилга келиб 92 фоизга кўтарилди. Олиб борилган ислоҳотлар аҳоли ва саноат корхоналарини узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга олиб келди.
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати