– Биз бу йил узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган электр ва газ тармоқларидаги муаммолар ечими бўйича жуда катта маблағ ажратдик. Бу соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда, – деди Президентимиз.

Жумладан, электр таъминотини яхшилаш мақсадида, 5 минг 377 та (60 фоиз) маҳаллада 15 минг километр электр узатиш тармоқлари ва 4 мингдан ортиқ трансформаторлар янгиланади. Бу ишларга қарийб 2,1 триллион сўм йўналтирилади.

Президент энергетика вазири Алишер Султановдан “Бу йил қишда электр таъминоти бўйича қандай ўзгариш бўлади?” деб сўради.

А.Султановнинг айтишича, қишда аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда. Хусусан, сентябрь ойигача қўшни давлатлар билан узилган линиялар тикланади. Бу электр энергиясига талаб кучайган, яъни совуқ кунларда таъминотда узилишлар бўлишининг олдини олади.

Бу йил куз-қиш мавсумида аҳолини электр энергияси ва газ билан таъминлашда муаммолар бўлмаслиги кераклиги юзасидан тегишли ташкилотлар раҳбарларига аниқ топшириқлар берилди.