Ушбу муҳим лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралдаги “Корея Республикасининг иқтисодий ривожланиш ва ҳамкорлик жамғармаси билан молиявий ҳамкорликда “Электрон ҳукумат тизимида маълумотларни қайта ишлаш марказини яратиш” инвестиция лойиҳасини амалга оширишнинг устувор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга ошириляпти.

Бу — Электрон ҳукумат фаолияти йўлидаги эсда қоларли тарихий воқеа ҳисобланади. Яъни лойиҳа буюртмачиси саналган Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлови асосида ушбу масъулиятли вазифани Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш марказига ишониб топширди ва унинг эртанги тараққиётига тамал тошини қўйиб берди, десак ҳам бўлади.

Мазкур инвестиция лойиҳасининг асосий молиялаштириш манбаси Корея Эксимбанкидир. Ҳукуматимиз ва банк ўртасида 40 йилга, 10 йиллик имтиёзли даври билан, заём (қарз) келишув битими имзоланган.

Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида хорижий консалтинг компаниясини аниқлаш мақсадида тендер эълон қилиниб, иштирокчилардан келиб тушган таклифлар ўрганилмоқда.

Ушбу лойиҳа бизга нима беради?

Маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази ишга туширилса, вазирлик ва идоралар ҳамда давлат ташкилотларида мавжуд ахборот тизимларини ягона маълумотлар марказида сақлашга эришилади. Демак, энг аввало, маълумотларнинг ахборот хавфсизлиги таъминланади. Барча жараёнлар малакали мутахассислар томонидан бошқарилади. Янги инфратузилмани яратиш учун давлат бюджетига юклама тушавермайди.