«Ўзтемирйўлйўловчи» акциядорлик жамиятида электрон тижоратни ривожлантириш ҳамда йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Тошкент марказий вокзалининг назорат пунктларига электрон йўл ҳужжатларини электрон тарзда назоратдан ўтказиш учун қурилмалар ўрнатилди.
Мазкур тизим поездларга чиқадиган йўловчилар учун вокзал назорат пунктларида электрон тарзда расмийлаштирган йўл ҳужжатларини тезроқ назоратдан ўтказиб, ортиқча ушланиб қолмасликлари имконини беради.
Бу жараён босқичма-босқич амалга ошириляпти. Дастлаб, Тошкент – Самарқанд йўналишида ҳаракатланаётган «Афросиёб» тез юрар поезди вагон кузатувчилари мазкур электрон қурилма билан таъминланди.
Бугунги кунда фақат ушбу поездга чиқадиган йўловчиларнинг электрон тарзда расмийлаштирган йўл ҳужжатлари нафақат қоғозда, балки мобил телефонида бўлса ҳам назорат қилиш мумкин. Ушбу вокзалдан бошқа поездларга чиқадиган йўловчилар эса вақтинча электрон тарзда расмийлаштирган йўл ҳужжатларини қоғозга чиқариб олишлари зарур.
Келгусида барча темир йўл вокзалларига киришдаги назорат пунктлари ва бошқа поездларнинг вагон кузатувчилари ушбу электрон мобил қурилмалар билан тўлиқ таъминланиши режалаштирилган, деб хабар беради «Ўзбекистон темирйўллари» АЖ матбуот хизмати.