Ҳужжат Президентнинг 14.09.2021 йилдаги "Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-6313-сон Фармони ва 24.07.2021 йилдаги "Электрон онлайн-аукционни ўтказиш тартибини соддалаштириш, унинг шаффофлигини ошириш ҳамда иштирокчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини кафолатлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-5197-сон қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
- "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (кейинги ўринларда - Низом);
- "E-auksion" электрон савдо платформасига интеграция қилинадиган манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар рўйхати (кейинги ўринларда - рўйхат).
Низом Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" ДУК томонидан "E-auksion" электрон савдо платформасида электрон онлайн-аукцион ва танловларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш тартибини белгилайди. Унда қуйидаги нормалар мавжуд:
- электрон-аукцион ва танловни ўтказилмаган деб ҳисоблаш ва уларни такрорий ўтказиш тартиби;
- ҳисоб-китоб қилиш ва аукцион ҳамда танлов натижаларини расмийлаштириш тартиби;
- ижро ҳужжатлари бўйича объектларни электрон онлайн-аукционга чиқариш ва сотишнинг ўзига хос хусусиятлари;
- ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдо платформасида сотишнинг ўзига хос хусусиятлари.
Рўйхатга 13 та давлат ҳокимияти органи киритилган. Рўйхатга изоҳда қуйидагилар назарда тутилган:
- вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар тизимга Электрон Ҳукуматнинг идоралараро маълумотлар узатиш тармоғи орқали белгиланган тартибда уланади;
- ташкилотлар ўртасида ўзаро маълумот алмашиш хизматлари бепул амалга оширилади;
- "Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази" ДУК томонидан заруратга қараб бошқа ташкилотлар билан ўзаро келишув асосида "E-auksion" электрон савдо платформасига интеграция қилиниши мумкин.
Қарор билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам киритилди.