Жумладан, ушбу қарорга кўра, 2021 йил 1 июндан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси тузилмаларига амалдаги штат бирликлари доирасида бошлиқнинг рақамлаштириш ва давлат-хусусий шериклик бўйича ўринбосари лавозими жорий қилинади.

Бунда ушбу лавозимларга тайинланаётган шахсларнинг аввалги давлат ташкилотларидаги иш жойи бўйича ойлик иш ҳақи миқдори юқори бўлган тақдирда, уларнинг аввалги иш жойи бўйича ойлик иш ҳақи миқдори сақлаб қолинади.

Шунингдек, ҳар бир оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникасида электрон тизим билан ишлайдиган бир нафардан IT оператор – ҳамшира лавозими киритилади, дея хабар беради Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати.

Бунда, ушбу лавозимлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги ПФ–6221-сон Фармонига мувофиқ ажратилаётган штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади.

Бундан ташқари, бошқа туман (шаҳар) ҳамда барча вилоят ва республика даволаш-профилактика муассасаларида уларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида IT оператор – ҳамшира лавозими киритилади.

Ушбу ҳамширалар ҳамда бошқа соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг компьютер саводхонлигини ошириш мақсадида уларни ўқитиш бўйича дастур ишлаб чиқилади ҳамда туман (шаҳар) IT марказларида бепул ўқитиш машғулотлари ташкил этилади.